Осиё Олимпия кенгаши ижроия қўмитасининг 77-йиғилиши доирасида пойтахтимизда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз спорт ҳаётида муҳим аҳамият касб этган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Миллий Олимпия қўмитаси ва олимпия ҳаракати аъзоларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг, МОҚ фаолиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.

Байрам шодиёналари давомида турли номинацияларда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унга кўра, “Олимпиадаларда энг кўп медаль келтирган федерация” номига Ўзбекистон бокс федерацияси, “Олимпия рекордчиларини тарбиялаган федерация” дея Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси, шунингдек “30 йилликда узлуксиз медалларни қўлга киритган ассоциация” шарафига Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси сазовор бўлди.

Ўтган 30 йиллик олимпия ҳаракати давомида Ватанимиз олимпиячилари 7 та ёзги ва 8 та қишки олимпия ўйинларида мустақил Ўзбекистон спорт жамоаси сифатида иштирок этиб, умумий ҳисобда 39 та медаллар шодасига эга чиққан. Ўзбекистон номини жаҳон майдонлари узра юксалтирган. Эътиборлиси, олимпия ўйинларидаги медалларнинг 13 таси олтин бўлгани ўзига хос тарихий аҳамиятга эга.

Албатта, шарафли ғалабалар, мураккаб олимпия беллашувларидаги ҳар бир ютуқ туб замирида давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортга, олимпия ҳаракатига берилаётган алоҳида эътибор, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ётганини таъкидламоқ лозим.

Осиё спортида, хусусан футболда Миржалол Қосимовнинг қанчалик ўрни бўлса, дзюдочиларимиз Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, афсонавий гимнастикачимиз Оксана Чусавитинанинг ҳам бетакрор спорт натижалари, шов-шувли ғалабалари ҳамиша миллионлаб спортсеварларни ҳаяжонлантириб келади. Бу, Ўзбекистон олимпия ҳаракатининг қисқа 30 йилликдаги улкан муваффақиятларики, унинг шиддати, завқи яна минг-минглаб ёшларни янги зафарлар, янги рекордлар сари илҳомлантираверади.

Байрам тантаналари давомида Миржалол Қосимов 1991-2001 йиллар оралиғида, Абдулла Тангриев 2001-2011 йиллар кесимида, Оксана Чусовитина 2011-2021 йиллар давомида Ўзбекистоннинг энг сермаҳсул спортчилари сифатида тақдирланди. Ришод Собиров “Олимпия ўйинларида энг кўп медалга эга чиққан спортчи” сифатида мукофотланди. Равшан Эрматов “Ўзбек спортини дунёга тарғиб қилишдаги хизматлари учун” тақдирланди.

Шу билан бирга, футбол бўйича 1994 йилги Ўзбекистон миллий терма жамоаси “30 йилликнинг энг шонли терма жамоаси”, дея тан олиниши ҳам Ватанимиз спорт салоҳиятидан нишонадир.

Бундан ташқари, Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациси раиси Салим Абдувалиев, дзюдо бўйича Атланта Олимпиадаси совриндори Армен Багдасаров, Токио олимпиадаси ғолиби Улуғбек Рашитов ва бошқаларга тегишли мукофотлар топширилди.

Албатта, юксак ғалабаларга изланувчан, янгиликка интилувчан, талабчан мураббий ва мутахассисларнинг меҳнати, йўл-йўриғи орқали эришилади. Ўзбек олимпиячилари тарихида қўлга киритилган ютуқларда ҳам мураббийларнинг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Марат Қурбонов “30 йилликнинг энг совриндор мураббийи”, дея шарафланиши Ўзбекистон олимпиячиларининг устозларига, қолаверса бокс мураббийларига кўрсатилган ҳурмат белгиси бўлди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг 30 йиллигига бағишланган кеча ўзбек эстрадасининг ёрқин вакиллари ижросидаги куй-қўшиқлар билан давом этди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Осиё Олимпия кенгаши президенти вазифасини бажарувчи Ража Рандхир Сингх, спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Халқаро олимпия қўмитаси вакили Оливе Луис Ниамкей ва бир қатор хорижий давлатларнинг миллий олимпия қўмитаси раҳбарлари, мамлакатимиздаги спорт федерацияларнинг мутасаддилари иштирок этишди.

Т.Рўзиев, ЎзА