Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Токио шаҳрида Япония ташқи ишлар вазири Ёсимаса Хаяши билан учрашди.
Мулоқот сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда алоқани янада фаоллаштириш, икки ва кўп томонлама ҳамкорлик доирасида қўшма ташаббуслар амалга оширишнинг жорий ҳолати муҳокамасига бағишланди.
Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат юксак ишонч ва ўзаро англашув билан ажралиб турадиган янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Бу ҳамкорликнинг янги механизмларини жорий этиш, янги йўналишларда яқин алоқа ўрнатиш имконини бермоқда.
Учрашув чоғида сиёсат, инвестиция, савдо, молия, саноат, соғлиқни сақлаш, таълим ва инновация соҳаларида конструктив мулоқотни кенгайтиришга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Шу ойда бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасидаги ташқи ишлар вазирлари 8-йиғилиши мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Алоқани янада кенгайтириш, ўзаро ҳамкорлик кун тартибини мулоқотда иштирок этувчи мамлакатларнинг барқарор ривожланишини таъминлашга йўналтирилган минтақавий аҳамиятга молик ўзаро манфаатли лойиҳалар билан бойитиш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.
Энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, хусусий секторни ривожлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш жараёни таҳлил этилди. Юзага келаётган барча масалалар бўйича ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилди.
ЎзА