Мамлакатда чой пойтахти сифатида машҳур бўлган Ризе шаҳридаги Режеп Таййип Эрдоған университетида Туркияда ноёб кутубхона очилгани маълум бўлди. “TRT Haber” агентлиги олийгоҳда “чой кутубхонаси” иш бошлагани ҳақида хабар берди.

– Кутубхонада чой ҳақида турк ва инглиз тилларида жами 938 та китоб, журнал, докторлик диссертациялари, мақола ва тадқиқотлар мавжуд. Нашрларда турк аҳолиси орасида энг машҳур анъанага айланган чой ичиш маданияти, унинг навлари, ўсимликлари ва тарихи ҳақида кўплаб маълумотлар бор, – дейилади хабарда.

Университет ректори Х.Караман бундай турдаги кутубхоналар ўқувчи у ёки бу маълумотни излаш учун кўп вақтини бой бермай, керакли билимлар олишига хизмат қилишини таъкидлаган.

– Кутубхонамизда энг машхур ичимликлар ҳақида туркий ва хорижий материалларнинг кўп қисмини тўплашга ҳаракат қилдик. Баъзи нашрларни элчихоналар ва консулликларимиз орқали турли мамлакатлардан олишга муваффақ бўлдик. Китоб фондимизни қизиқарли асарлар билан бойитиш учун бу жараён давом эттирилади, – дея интервью берган университет ректори.

Бундан ташқари, Режеп Таййип Эрдоған университетида Қора денгиз ҳақидаги яна бир бой кутубхона мавжуд, у 734 та асар билан бойитилган.