Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Навоий вилоятида юқори малакали, чуқур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўша оладиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида:

1. Навоий давлат кончилик институти Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети (кейинги ўринларда – Университет) этиб қайта ташкил этилсин.

2. Университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

саноат, техника-технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;

етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, таълим жараёнига илғор педагогик ва масофавий таълим технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

замонавий ўқув ва илмий лаборатория базасини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши учун янги ишланмаларни яратиш, талабаларга таълим жараёнида илмий фаолият билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратиш;

саноат ташкилотларининг муаммоларини ечишга қаратилган илмий, амалий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш, тадқиқот натижалари ва илғор технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни жалб этиш, республика ва етакчи хорижий олий таълим муассасалари, илмий марказлар ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини жорий этиш, талабалар назарий билимларининг ишлаб чиқариш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйиш;

талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;

ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;

илмий-педагогик салоҳиятни ошириб бориш, жумладан, профессор-ўқитувчилар стажировкаси ва малака оширишини нуфузли республика ва хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот марказларида ташкил этиш.

3. Университет ҳузурида қуйидагилар ташкил этилсин:

а) Навоий давлат кончилик институтининг Нукус филиали негизида – Нукус кончилик институти;

б) “Навоий” илмий-технология саноат парки;

в) 2022/2023 ўқув йилида:

Навоий давлат педагогика институти ҳузуридаги Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми негизида – Кармана политехника техникуми;

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси тизимидаги Нурота саноат-кончилик коллежи негизида – Ғозғон политехника техникуми.

Навоий давлат кончилик институти ҳузуридаги Учқудуқ саноат техникуми ва Зарафшон саноат техникуми Университет ҳузурига ўтказилсин.

4. Университет фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда – Бошқарув кенгаши) ташкил этилсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бошқарув кенгашига (Қ.С. Санақулов):

а) қуйидаги вазифалар юклатилсин:

Университетнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган ривожлантириш дастурини, молиявий йил учун мўлжалланган бизнес-режасини, даромад ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиш;

Университетда таълим жараёнининг амалиёт билан уйғунлигини, хусусан, талабаларнинг ўқув жараёнида олган назарий билимлари ишлаб чиқариш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;

Фанлар академияси илмий муассасалари ва тармоқ илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий мактабларни ривожлантириш;

Университетнинг таълим ва тадқиқот жараёнларига малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан самарали алоқалар ўрнатиш;

Университетнинг илмий-тадқиқот ва ишланмалар трансфери жараёнларини ривожлантириш ҳамда илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар бўйича буюртмачилар билан манфаатли ҳамкорлигини ўрнатиш;

таълим ва тадқиқот жараёнларига инвестицияларни жалб этиш, илмий маҳсулотларни тижоратлаштириш, стартаплар ва акселератор фаолиятларини йўлга қўйиш;

б) қуйидаги ваколатлар берилсин:

таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларига жалб этилган хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилаш;

иш берувчилар талабларини инобатга олган ҳолда, ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажмини ошириш, ҳафтада бир кунлик амалиёт тажрибасини қўллаш;

Университет ректори ва проректорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича тақдимнома киритиш;

Университет ва унинг тасарруфидаги таълим ташкилотлари тузилмаларини тасдиқлаш;

Университетнинг ташкилий тузилмасига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган янги лавозим ва таркибий бўлинмалар ҳамда қўшимча штат бирликларини жорий этиш.

5. Белгилансинки:

Университет давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида фаолият юритади;

Университет ва унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институтига талабаларни қабул қилиш параметрлари ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси доирасида аниқланади;

Навоий давлат кончилик институти ва унинг Нукус филиали талабалари ўқишини тегишлилиги бўйича Университет ва унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институтида давом эттиради;

Университет ҳузуридаги техникумларда саноат, кончилик, металлургия, машинасозлик, қурилиш, энергетика, электротехника, хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;

Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми ҳамда Нурота саноат-кончилик коллежида таълим олаётган ўқувчилар ўқишни битиргунларига қадар мазкур таълим муассасаларида амалдаги таълим дастурлари бўйича ўқишини давом эттиради;

Университет, унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институти, Кармана ва Ғозғон политехника техникумлари тегишлича Навоий давлат кончилик институти, унинг Нукус филиали, Кармана хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми ҳамда Нурота саноат-кончилик коллежининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

6. Қуйидагилар:

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети фаолиятини йўлга қўйиш ва уни 2026 йилга қадар комплекс ривожлантириш дастури 2-иловага мувофиқ;

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини 2026 йилга қадар ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида ташкил этиладиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати 4-иловага мувофиқ;

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини амалиёт ўташ объектлари бўйича илмий-тадқиқот муассасалари, тармоқ корхоналари ва ташкилотларга бириктириш жадвали 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 1 000 таликка кирган хорижий олий таълим муассасасининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш;

Университет фаолияти йўналишлари бўйича маслаҳат ва эксперт-таҳлилий хизматларни шартнома асосида кўрсатиш, шунингдек, тақдим этиладиган хизматларни самарали амалга ошириш учун илмий-тадқиқот ва инновацион хизмат кўрсатувчи корхоналарни ташкил этиш;

таълим ва илмий-тадқиқот жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда уларга Бошқарув кенгаши томонидан белгиланган миқдорда Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маош ва бошқа тўловларни тўлаш;

профессор-ўқитувчиларни ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари ва “устоз-шогирд” тизими бўйича бажарган ишларининг натижаси бўйича рағбатлантириб бориш.

8. Белгилансинки, Университет фаолияти Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, грантлар ва ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

9. “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ва “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасасининг:

Университетда таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ҳамда Университет ҳузуридаги “Навоий” илмий-технология саноат паркини жойлаштириш мақсадида “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси автотаъмирлаш цехи 2-корпус биносини жиҳозлари билан биргаликда Университетга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш;

ўз маблағлари ҳисобидан Университет ва унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институтининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, профессор-ўқитувчиларини моддий рағбатлантириш, шунингдек, ўқув ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

10. Навоий вилояти ҳокимлиги “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоийазот” АЖ, “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ, “Навоийуран” ДК ва ҳудуддаги бошқа саноат корхоналари билан биргаликда:

Университетнинг бакалавриат босқичи юқори курс талабаларини ва магистрантларини иш ҳақи тўланадиган тизим орқали банд қилиш, жумладан, уларга амалиёт ўташ даврида ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш;

Университет профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларига ишлаб чиқариш корхоналарида стажировка ўташ ва илмий тадқиқотлар олиб бориш учун шароит яратиш чораларини кўрсин.

11. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

а) 2022/2023 ўқув йилига қадар:

Университетни танлов асосида ишлаб чиқариш ташкилотлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида катта илмий ва (ёки) амалий тажриба орттирган мутахассислар, устувор равишда, илмий даражага эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдириш чорасини кўрсин;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда Университетнинг ихтисослашган факультет ва кафедраларини мос йўналишлари бўйича давлат улушига эга йирик хўжалик юритувчи субъектлар ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқласин;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Университетни юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаш ҳамда зарур телекоммуникация жиҳозлари билан таъминлаш чораларини кўрсин;

б) Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоийазот” АЖ, “Навоийуран” ДК билан биргаликда:

2022/2023 ўқув йилига қадар Университет ҳузуридаги “Навоий” илмий-технология саноат паркини замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозласин ва унинг фаолиятини йўлга қўйсин;

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Университет ҳузуридаги “Навоий” илмий-технология саноат паркида етакчи чет эл тадқиқот марказлари ва малакали хорижий олимлар иштирокида илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишни йўлга қўйсин;

в) Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда Университетнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб етакчи олий таълим муассасаларида тегишли магистратура мутахассисликлари ва 2023 йилдан бошлаб таянч докторантурада кадрларни мақсадли тайёрлаш чораларини кўрсин;

г) Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Университетда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан биргаликда техника йўналиши бўйича қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйсин;

д) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Университет фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтлари, донорлар ва бошқа хорижий ташкилотларнинг маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин;

е) ҳар йилги инвестиция дастурига киритиш учун Университет ва унинг ҳузуридаги Нукус кончилик институти бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш ишларини соҳага ажратилган лимитлар доирасида амалга ошириш юзасидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига таклифлар тақдим этиб борсин.

12. Навоий вилояти ҳокимлиги Университетга ўз фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда янги бино ва иншоотларни қуриш учун зарур ер майдонларининг доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.

13. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Нукус темир йўл транспорти коллежи биносини Университет ҳузуридаги Нукус кончилик институтига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш ҳамда уни мазкур коллеж бино
ва иншоотларига бепул жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

14. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошкулов, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бошқарув раиси – бош директори Қ.С. Санақулов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 31 март