Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) кузатувчилари миссияси Туркманистонда бўлиб ўтган президент сайловида ҳеч қандай шикоят ва қонунбузарлик ҳолатлари аниқланмаганини маълум қилди.

Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Ижрочи котиби, Ҳамдўстликдан келган кузатувчилар миссияси раҳбари Леонид Анфимов Туркманистонда бўлиб ўтган президент сайлови мониторинги якунларига бағишланган брифингда айтиб ўтган.

Анфимовнинг таъкидлашича, мамлакатда сайлов ва референдум ўтказиш бўйича марказий комиссия таклифига биноан, МДҲ кузатувчилари миссияси 2022 йил 28 февралдан буён сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боряпти.

– Туркманистон сайлов қонунчилиги, Ҳамдўстлик доирасида қабул қилинган ҳужжатлар, шунингдек, сиёсий бетарафлик, сайлов жараёнига аралашмаслик ва давлат суверенитетини ҳурмат қилиш тамойилларига амал қилган ҳолда ўз вазифамизни эркин ва мустақил бажардик, – деди миссия раҳбари.

Сайлов кампанияси якунларига кўра, Туркманистон Марказий сайлов комиссияси, Бош прокуратураси ва Туркманистон Олий судига сайлов жараёни бўйича мурожаат ва аризалар келиб тушмаган. Сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар қайд этилмаган. Миссия штабига ҳам сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан шикоят ва аризалар келиб тушмаган.

Биламиз, МДҲ кузатувчилар миссиясига сайлов кампаниясини миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолаш, эркин ва демократик сайловларни ўтказишга кўмаклашиш вазифаси қўйилган.

Леонид Анфимов жамоа мазкур вазифани уддасидан чиққанини маълум қилди. У сайлов шаффоф ва рақобат шароитда ўтганига гувоҳлик берганини ҳам қайд этиш керак.

– Туркманистон сайлов қонунчилиги халқаро ҳуқуқнинг демократик сайловлар соҳасидаги умумэътироф этилган меъёрларига мос келади ва сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини эркин ва очиқ ифода этиш имконини беради, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда навбатдан ташқари ўтказилган президент сайловида овоз бериш кеча, шанба куни бўлиб ўтган, овоз бериш жараёнлари якунига етган. Мамлакатда энг юқори давлат лавозимига тўққиз нафар номзод кўрсатилган.

Сайлов кодексига мувофиқ, МСК сайловдан кейин еттинчи кундан кечиктирмай уларнинг натижаларини умумлаштиради, баённома тузади ва натижаларни эълон қилади.

ЎзА