Қариялар уйида ёнғин. 11 киши ҳалок бўлди

Япониянинг Хоккайдо оролидаги Саппоро шаҳрида ижтимоий нафақадаги қариялар уйида пайшанбага ўтар кечаси ёнғин келиб чиқиши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди.

NHK телеканалининг маҳаллий ёнғин хавфсизлиги хизмати вакилларига таяниб берган маълумотига кўра, ёнғин ҳақида маҳаллий вақт билан 23:40да хабар келиб тушган. Қирқдан зиёд ўт ўчирувчилар воқеа жойига жалб этилган.

Бинода 16 киши истиқомат қилган. Барча яшовчилар кам таъминланганлар учун ижтимоий нафақа олувчи кексалар бўлган.

Қутқарувчилар беш кишини – 50-80 ёшлар атрофидаги уч эркак ва икки аёлни қутқаришга муваффақ бўлган. Қолган 11 киши – 8 эркак ва 3 аёл ҳалок бўлган.

Ёнғин келиб чиқиш сабаблари ҳали аниқланмади. Тергов ишлари олиб борилмоқда.

 

ЎзА