Амударё дельтаси, Қизилқум ва Устюрт кенгликларида тарқалган ва «чўл женьшени», «саҳродаги ҳаёт илдизи», «олтин томир» номлари билан аталувчи цистанхе ўсимлиги фармацевт олимлар эътиборини тортмоқда.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг экология ва тупроқшунослик кафедраси доценти Низаматдин Мамутовнинг сўзларига кўра, 2 минг йилдан буён Хитой тиббиётида фойдаланиб келинаётган бу ўсимлик кўп касалликларга даво ва умрни узайтириш хусусиятига эга. Цистанхе бўғинлардаги оғриқлар, буйрак касалликларини даволаш, шунингдек, хотира ва иммунитетни мустаҳкамлаш, асабни тинчлантиришда, айниқса, мия ўсимтасининг олдини олишда тенги йўқ дармон ҳисобланади.
– Бир-икки йил аввал Шимолий Корея ва Хитойдан келган дори тайёрловчилар ушбу ўсимликни аҳолидан кўп миқдорда сотиб олиб, юртларига олиб кетишарди, – дейди Н.Мамутов. – Эшитишимча, халқаро бозорда майдаланган цистанхенинг бир килограмми 200-500 АҚШ долларигача нархланар экан.
Цистанхелар саксовул, қандим сингари ўсимликлар илдизида учрайди, Қорақалпоғистонда унинг 4 тури ўсади.
Айни пайтда Ер юзида 500 минг хил ўсимлик мавжуд бўлса, унинг фақат 20 минг туридан озуқа сифатида фойдаланилади. 18 минг тури шифобахш хусусиятга эга. Цистанхе Шимолий Африка, Марказий Осиё ва Пиреней ярим ороли чўлларидагина ўсади. Япония, Хитой ва Қозоғистон фармацевтикаси билан косметологиясида кенг қўлланилади. «Казинформ» сайтининг маълумотларига қараганда, Қозоғистонда у «бўри озуқаси» деб аталади. Овчилар ва ўрмон атрофида яшовчиларнинг кузатувларига қараганда, совуқ қишдан чиққан ҳолсиз бўри шу ўсимлик илдизини истеъмол қилиб, куч олади.
Ҳозирги вақтда Қозоғистон Марказий Осиёда цистанхени қайта ишлаб, экспорт қилаётган ягона давлат бўлиб, унинг асосий харидорлари Япония, Хитой ва бошқа Шимоли-шарқий Осиё давлатларидир. Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги цехда йилига 100 тоннадан ортиқ қуритилган цистанхе етиштирилади. Қимматли хомашё сифатида мазкур ўсимликка бўлган талаб йилдан-йилга ортмоқда.
Олимларнинг таъкидлашича, Қозоғистонда саксовулдан ёнилғи сифатида фойдаланилиши оқибатида цистанхе ўсимлиги камайиб кетмоқда, ҳатто йўқ бўлиб кетиш хавфи мавжуд. Илгари Россия ҳудудида ҳам кўп тарқалган бу ўсимлик бугунги кунда Қизил китобга киритилган.
– Қорақалпоғистонда шифобахш хусусиятга эга, бебаҳо ўсимликлар жуда кўп, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Табиий фанлар илмий-тадқиқот институтининг ўсимликлар экологияси лабораторияси бошлиғи, биология фанлари номзоди Холида Матжонова. – Ҳозир ҳудудда ўсадиган 1110 турдаги ўсимликнинг 37 фоизи (410 дан зиёд тури) шифобахш хусусиятга эга. Орол денгизининг қуриб қолган қирғоғида ўсадиган 73 турдаги ўсимликнинг 13 тури, Устюртда 85 ва саҳроли ҳудудларда 66 турдаги шифобахш ўсимликлар топилган. Улардан 45 га яқини камайиб кетаётган, кам учрайдиган ва йўқ бўлиш кетиш арафасида турган шифобахш ўсимликлардир. Хусусан, қўнғир қумузум, оддий унаби ва юраксимон торол шифобахш ўсимликлари Қизил китобга киритилган.
ЎзФА Қорақалпоғистон бўлимининг Табиий фанлар илмий-тадқиқот институти ўсимликлар экологияси лабораториясига қарашли 10 квадрат метр ерда ва Фанлар академиясининг Ботаника боғида ҳозирги вақтда календула, донник, топинамбур сингари 23 турдаги маҳаллий шифобахш ўсимликлар устида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. 2012 йилдан сассиқ (бадбўй) коврак, печак, адираспан, қашқарбеда ўсимликларини дори учун хомашё сифатида фойдаланиш мақсадида маҳаллий шароитда ўстириш, биологик хусусиятларини ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Натижалар маҳаллий ва халқаро илмий-амалий конференциялар тўпламларида, ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими Ахборотномасида ёритилди.
Шунингдек, маҳаллий олимларнинг тадқиқотлари юртимизда Орол денгизининг шимолий томонларида бошқа юртларда учрамайдиган 60 дан ортиқ турдаги ўсимликлар борлигини кўрсатди. Улардан Корольков чирмовуғи, Берг бойчечаги, тўрсимон бойчечак, Боршов пиёзи, Туркистон сарсабили, Леманна ковраги, кўп пояли девясил ёввойи ўсимликлари шифобахш хусусиятга эга.
– Шифобахш ўсимликлардан олинадиган дори-дармон препаратлари қон-томир ва асаб тизими, буйрак, жигар хасталиклари, ошқозон-ичак тракти сингари кўп касалликларни даволашда ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди лаборатория илмий ходими Марина Орёл. – Айни пайтда дунёдаги барча дори-дармон препаратларининг 30 фоиздан кўпроғи ўсимликлардан олинади. Жаҳон бозоридаги ҳар учинчи препаратнинг шифобахш ўсимликдан тайёрланиши ҳам аниқ маълумот. Бундан ташқари, ўсимликдан тайёрланган дори препаратларининг баҳоси кўпинча синтетик препаратлардан бирмунча арзон бўлади.
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кўпчилик касалликлар билан курашишга имкон берадиган маданий ва ёввойи шифобахш ўсимликлар ўсади. Бундай ўсимликларни асраш ва кўпайтириш керак. Бунинг учун экологик тоза ҳудудларда шифобахш ўсимликлар экиладиган плантациялар яратиш лозим.
Мисол учун, илмий тилда «гармала» деб номланувчи оддий адираспан ўсимлиги заҳарли бўлишига қарамасдан, гармалол алкалоиди, гармин, гармидин, гармалин сингарилар руҳиятнинг бузилиш ҳолатларида самарали даво бўла оладиган моддаларга бой. Бундан ташқари, ўсимлик япроғида фойдали эфир мойи кўп бўлиб, тиббиётда кенг қўлланилади. Адираспаннинг уруғи ҳам ажойиб хусусиятга эга. У зўриқиш ва чарчоқни олади. Адираспан қумли, шағал (шебень)ли жойларда ҳам ўсаверади, шунинг учун уни етиштириш кўп меҳнат талаб қилмайди. Лекин кейинги йилларда табиий ҳолда ўсадиган адираспанни гуллаётган вақтида юлиб олиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу уларнинг кўпайишига тўсқинлик қилиб, камайиб кетишига сабаб бўлаётир.
Яна бир қизиқ маълумот: ҳовлимиз атрофида ўсадиган петрушка, отқулоқ (баргизуб) ва печакнинг урологик касалликларга, беда билан латтатиканнинг тери касалликларига, райҳоннинг ревматизм, момақаймоқнинг ошқозон-ичак касалликларига даво бўлиши аниқланган. Бундай шифобахш ўсимликларни оддий уй шароитида етиштиришни янада кенг йўлга қўйиб, қиш фаслида ҳам унумли фойдалана олсак, ўз соғлиғимизни янада ишончли ҳимоя қилган бўлар эдик.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.
ЎзА