Маълумки, жаҳон бозори конъюнктурасининг тез фурсатлар билан ўзгариб бораётганлиги, истеъмолчиларнинг талаблари кучаяётгани, шунингдек, хорижий бозорларда ўзбек маҳсулотларига бўлган талабнинг ошаётгани пиллачилик соҳасини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни изчил амалга оширилишини талаб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Сарвиноз Аҳмедова соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, пиллачилик тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусан, ипак қурти озуқа базасини янада мустаҳкамлаш, ипак қурти уруғи ва пилла етиштириш, уни тайёрлаш ва бирламчи қайта ишлашни такомиллаштириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан 2022-2026 йиллар учун устувор вазифалар белгилаб олинди.

Республикада ўтган 2021 йил 22,8 минг тонна тирик пилла етиштирилан бўлиб, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан тирик пилла хомашёсини етиштириш кўрсаткичларини йилдан йилга ошириш мақсад қилинган. Жумладан, 2022 йил 24 минг тонна, 2023 йил 25,7 минг тонна, 2024 йил 27,5 минг тонна, 2025 йил 30 минг тонна, 2026 йилга бориб республикада пилла етиштириш ҳажми 31,2 минг тоннага етиши кутилмоқда. 2026 йилга бориб бу кўрсаткич 1,4 баравар ёки 140 фоизга ўсиш суръатини ташкил этади.

Шунингдек, маҳаллий уруғчилик корхоналари томонидан 2022-2026 йилларда жами 2 миллион 190 минг қути уруғ тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, шундан, республикамиз бўйлаб 2022 йилда 320 минг қути, 2023 йилда 380 минг қути, 2024 йилда 460 минг қути, 2025 йилда 500 минг қути ва 2026 йилда 530 минг қути ипак қурти уруғи етиштириш мўлжалланган.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бугунги кунда Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида дунёнинг турли иқлим шароитларига эга давлатларидан 120 дан ортиқ ипак қурти зотлари олиб келиниб, ипак қурти генофондини кенгайтириш ва уни келажак авлодга етказиш мақсадида кўпайтирилиб келинмоқда. Институт олимлари томонидан ушбу зотлар иштирокида селекция ишлари олиб борилиб, замон талабларига жавоб берадиган 10 дан ортиқ янги ипак қурти зот ва дурагайлари яратилган.

2022-2026 йилларда тут генофондини кўпайтириш мақсадида хориж давлатлари билан тузилган меморандумлар асосида янги навларни мамлакатимизга олиб келиб, маҳаллийлаштириш режалаштирилган.   Тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида 2026 йилга бориб ипак маҳсулотлари экспорти ҳажми 191 миллион 8 минг долларга етади. Бу билан 2021 йилга нисбатан 104 миллион 3 минг доллар кўп маҳсулотларни экспорт қилиш имконияти яратилади.

Соҳада 2026 йилга бориб хом ипак ишлаб чиқариш 3 минг 300 тоннага (2021 йилга нисбатан 1,5 баравар кўп), ипак момиғи ишлаб чиқариш 1 минг 100 тоннага, калаваланган ипак ипи ишлаб чиқариш 2 минг 300 тоннага,  ипак мато ишлаб чиқаришни эса 24 миллион погана метрга етказиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда ипак маҳсулотларини сифатини назорат қилиш ва ошириш мақсадида бугунги кунда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси қошида синов лабараторияси фаолияти ҳам йўлга қўйилди. 2022 йилда тизимдаги барча пиллачилик кластерларида бундай синов лабараториялари тўлиқ ишга тушиши таъминланади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА