Мамлакатимизда аҳоли ортиб боргани боис, уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳам тобора ортмоқда. Ижтимоий тармоқларда юртдошларимизнинг уй-жой масаласида мурожаатларга кунора кўзимиз тушади.

Мурожаатларни ўрганиш чоғида ўртача ойлик маош олиб ишлайдиган фуқароларнинг уй олиш учун бошланғич тўловни тўлашга имконияти йўқлиги ёки ипотека кредитини тўлаш учун ойлик маошлари етмаслиги маълум бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарорига кўра, «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланганини, мазкур низомга асосан даромади кам, уй-жойга муҳтож аҳолига субсидия асосида уй-жой ажратаётганини тушунтирамиз.

Шу билан бирга, берилган субсидияни Президентимизнинг 2021 йилнинг 9 декабрдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида қурилган уй-жойлардан олиш имкониятлари яратилган.

Мана шу ҳужжатларда кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 5 фоиз, бошқа ҳудудларда 10 фоиздан юқори қисмига субсидия берилиши кўзда тутилган. Аммо кўпчилик фуқароларимиз субсидияларни олиш жуда мураккаб эканлиги, юзтадан битта мурожаат қаноатлантирилиши, аризалари асоссиз рад этилиши ҳақида айтишади. Бунинг сабаблари нимада?

ТОШКEНТ ШАҲРИ МИСОЛИДА…

Тошкент шаҳар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси берган маълумотга кўра, 2021 йил якунида субсидия олиш бўйича 14 мингдан ошиқ фуқаролар ариза билан мурожаат қилган. Шундан 4 минг 377 та фуқаронинг аризаси қаноатлантирилган. Бундан кўриниб турибдики, мурожаат қилган фуқароларнинг ўндан бирига субсидия берилган.

Яна бир муаммо, мурожаати қаноатлантирилган фуқаролар субсидия асосида қурилган уйлар йўқлиги, мавжудларининг нархи эса «осмон»да эканлигини айтмоқда. Хусусан, 2021 йилда пойтахтлик 4 минг 377 та фуқародан субсидия ажратилган. Уларнинг 477 таси базўр субсидия асосида қурилган уйларни топгани юқоридаги фикрлар, эътирозлар асосли эканлигининг исботи эмасми?

Дарҳақиқат, ҳозирда республикамиз банкларида иккиламчи уйлар учун ипотека бериш вақтинчалик тўхтатилган бўлиб, айрим тижорат банклари ўз ресурслари ҳисобидан бозор нархларида ипотека кредитлари ажратмоқда. Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг маълум қилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Молия вазирлиги ресурсларини жалб этилиши назарда тутилмоқда.

Компания томонидан тақдим этиладиган ресурс талаблари асосида иккиламчи бозордан уй-жойлар сотиб олиш учун 2021 йилда 1,9 трлн. сўм ипотека кредитлари ажратилди, 2022 йил давомида 2,0 трлн. сўм миқдорида кредитлар ажратилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, 2022 йилнинг 1 чорагида тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари 42 млн. АҚШ доллар миқдорида қайта молиялаштирилади. Компания томонидан халқаро молия ташкилотларидан қўшимча маблағлар жалб этилиши бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда ва 2022 йилнинг иккинчи ярим йиллигида ўзлаштирилишини бошланиши кутилмоқда.

Гоҳида пойтахтлик юртдошларимиз битта уйда икки, уч оила тиқилиб яшатганини, ипотека кредитига уй-жой олмоқчи бўлса, кредит фоизи баланд эканлигидан нолишади. Бу фикрлар қанчалик асосли?

Айрим тижорат банклари ўз ресурслари ҳисобидан бозор нархларида ипотека кредитлари ажратмоқда. Уларнинг шартлари ва фоизлари билан танишдик.

Хусусан, «Миллий банк» ипотека кредитлари муддати – 120 ой, кредит фоиз ставкаси, бошланғич бадал 25 фоиз бўлса – 24 фоиз. Агар бошланғич бадал 30 фоиз бўлса – 23 фоиз ва бошланғич бадал 40 фоиз бўлса – 21 фоизни ташкил этмоқда.

«Hamkorbank«да эса ипотека кредит муддати – 10 йилгача. Бошланғич бадали – 26 фоиз, кредит фоиз ставкаси – 24 фоиздан иборат экан.

«Infinbank«да муддати – 120 ой, бошланғич бадали 26 фоиздан 50 фоизгача бўлганда. Бошланғич бадал 51 фоизга тенг ва ундан юқори бўлса – 180 ой. Кредит фоиз ставкаси – 22,99 фоиз.

«Капиталбанк» муддати – 10 йилгача, кредит фоиз ставкаси бошланғич бадал камида 51фоиз бўлса – 24 фоиз. Бошланғич бадал камида 26 фоиз бўлса – 26 фоиз.

ФОИЗЛАР ЖУДА ЮҚОРИ

Бу таҳлиллардан кўриниб турибдики, уй-жой олиш учун кредит фоизлари жуда юқори. Мисол учун, тошкентлик фуқаро икки ёки уч хонали уй олиши учун ҳисоб китобларга кўра ойига 8 миллионгача кредит тўлашига тўғри келади. Оддий давлат ташкилотида ишлайдиган ўртача 5-6 миллион сўм маош оладиган фуқаролар қандай қилиб кредит тўлай олади?

Фикримиз исботи: Тошкентлик Баҳодирнинг 3 нафар фарзанди бор. Ўзи давлат ташкилотида ишлаб, 5 миллион сўм маош олади. Турмуш ўртоғи эса уй бекаси. Фарзандлари вояга етмаган. У билан суҳбатлашганимизда, етти йил мобайнида фарзандларидан орттириб зўрға 50 миллион сўм жамғарганини айтди. Бу пул янги уйларнинг бошланғич бадалини тўлаш учун ҳам етмайди. Агар етган тақдирда ҳам уйнинг ойлик тўловига тўлашга маблағи етмаслигини айтди. Бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин…

Давлатимиз раҳбари аҳолини уйли-жойли қилиш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Бу борада қатор ҳужжатлар имзолаб, миллиардлаб маблағлар ажратмоқда. Аммо нега бу уйлар қурилмаяпти? Бу уйларни қуришга нима халақит бермоқда?

Мисол учун, Президентимизнинг 2021 йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2021 йилда Тошкент шаҳрида 7 мингта уй-жой қурилиши белгиланган эди.

Қурилиш вазирлигининг берган маълумотига кўра бу уйлар қурилмаган. Сабабини сўраганимизда, бунга жўяли жавоб қайтарилмади.

Яна бир мисол, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги «Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитини яхшилаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатда Тошкент шаҳрида бошпанасиз, шароити оғир аёлларга уй-жой ажратиш кўзда тутилган.

Бироқ, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг берган маълумотига кўра, бундай уйлар қурилмаган. Ҳужжат ижроси ташкилотлар ўртасида сансалор бўлиб турганини маълум қилди.

Хулоса қилиб айтганда, мутасадди раҳбарлар аҳоли мурожаатларини ҳал этиш ўрнига ҳамон «Отанга бор, онага бор» қабилида иш тутишмоқда.

Мана шу иллат йўқолсагина, муаммолар жойида ҳал бўларди. Мисол учун, Қурилиш вазирлиги уй-жойларнинг вақтида, сифатли қурилишини назоратга олса, Марказий банк ипотека кредитларининг фоиз ставкасини пасайтиришни кўриб чиқсагина, муҳтож аҳоли ҳам уйли бўларди.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА