ЮРИДИК КЛИНИКА

Даромад солиғи – солиқ солинадиган даромадга эга бўлган жисмоний шахсларнинг жами даромадларидан, юридик шахслар, жумладан, ташкилот, хўжалик, корхоналарнинг солиқ солинадиган жами фойдасидан ундириладиган тўғри ва умумдавлат солиғи ҳисобланади.

Хўш, даромад солиғи бўйича имтиёзлар ҳам борми? Ипотека кредитлари тўловчилари даромад солиғидан озод этиладими? Даромад солиғи қандай тартибда белгиланади? Бу каби саволларимизга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси масъул ходими Муҳриддин Шамсиддинов жавоб берди.

– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 17-моддасида солиқлар ва йиғимларнинг турлари кўрсатилган бўлиб, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳам унда кўрсатиб ўтилган. Кодекснинг 364-365-моддаларида солиқ тўловчилар кимлар эканлиги ҳамда даромад солиғи солиш объекти нима эканлиги кўрсатиб ўтилган. Унга кўра даромад солиғини тўловчилар Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан даромад олувчи Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган жисмоний шахслар эканлиги кўрсатиб ўтилган. Солиқ солиш объекти эса солиқ тўловчининг жами даромади эканлиги белгилаб қўйилган.

– Ипотека кредити тўловчига солиқ солиш тартиби қандай ва кредит тўловчи даромад солиғи тўлашдан озод этилиши ҳам мумкинми?

– Маълумки, ипотека кредити узоқ муддатли кредитлар сирасига киради ҳамда уни тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатлари мавжуддир. Хусусан, ипотека кредитлари тўловчилар даромад солиғи тўлашлари мумкин, лекин қонунчиликда бошқа имтиёзли ҳолатлар ҳам белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддасида солиқ солинмайдиган даромадларнинг турлари санаб ўтилган. Жумладан, Кодекснинг 378-моддаси 16-банди тўртинчи хатбошисига кўра, бир неча талабларга жавоб берган ипотека кредити тўловчиси даромад солиғидан озод этилади.

Хусусан, олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами ўн беш миллион сўмгача бўлган миқдорда қопланса, якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати уч юз миллион сўмдан ошмаса ҳамда ипотека кредити дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидияларни ҳисобга олган ҳолда олинган бўлса.

Юқорида кўрсатиб ўтилган имтиёз қарз олувчига ва бирга қарз олувчиларга, имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган барча солиқ тўловчиларга берилган.
Демак, бундан хулоса қилиш мумкинки, ипотека кредити тўловчиларнинг кредитлари юқоридаги уч талабга жавоб берсагина улар даромад солиғидан озод этилади. Бу талабларга жавоб бермаган ипотека кредитини олган жисмоний шахслар эса даромад солиғидан озод этилмайди.

Гулноза Бобоева суҳбатлашди, ЎзА