Юртимиз ўзининг бой тарихи, ўтмиши, аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маърифий ва маданий мероси билан маълуму машҳур.

Буюк аждодларимизнинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссасининг дунё тамаддунидаги ўрни беқиёс. Улардан мерос қолган манбаларни ўрганиш, тадқиқ ҳамда тарғиб қилиш бугунги авлод вакилларининг муҳим вазифаси ва бурчидир.

Аждодларимиз илмий-маърифий меросини тадқиқ қилиш, уларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш борасида талай ишлар амалга оширилиб, бу ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Куни кеча қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янада юқори поғонага кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Ҳужжат ижроси  Ўзбекистон тараққиётининг бугунги босқичида улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг кўплаб бебаҳо асарларини, ноёб ёзма манбаларни сақлаш, ўрганиш ва келажак авлодга безавол етказиш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Ноёб ёзма ва тошбосма мерос халқимизнинг бебаҳо мулки, аждодларимиз илмий салоҳиятидан дарак берувчи қимматбаҳо манбадир. Уларни ўз ҳолича сақлаш, тадқиқ қилиб ўрганиш ва ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш уларнинг умрбоқийлигига замин бўлади.

Бу борада қарорда белгиланган бир қатор мақсад-вазифалар долзарб аҳамиятга эга. Хусусан, қарорга кўра, жамоатчилик учун очиқ бўлган Қадимий ёзма манбалар давлат реестри шакллантирилади. У давлат тасарруфидаги музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари фаолиятига интеграция қилинади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мазкур давлат реестрини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, қадимий ёзма манбаларни босқичма-босқич рақамлаштириш каби ишларни амалга оширади. Ҳудудлардаги барча музейлар, кутубхона ва архив фондларида сақланаётган қадимий ёзма манбаларнинг давлат реестри тузилади ва доимий мониторингини юритилади.

Давлат реестри асосида қадимий ёзма манбаларнинг турлари — қўлёзма, тошбосма манбалар, тарихий ҳужжатларнинг каталоглари ва электрон нусхалари яратилади. Улар Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўйича ягона ахборот тизимига киритилади ҳамда мунтазам тўлдириб борилади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур давлат реестрининг очиқ тарзда бўлиши унга киритилган қадимий ёзма манбаларни ўрганиш ва тадқиқ этишда, мутафаккир аждодларимиз меросидан баҳраманд бўлишда алоҳида ўрин тутади. Зеро, тарих силсиласидан ўтиб, бизгача етиб келган бой ва қимматбаҳо манбалар, улар қатидаги илму урфон оламига қизиқувчилар жуда кўп. Мавжуд манбаларнинг электрон нусхалари яратилиши эса улардан фойдаланишда қулайликлар яратади. Қолаверса, бой меросларимизнинг ҳали очилмаган қирраларини забт этиш, уларни ўрганиш ва тарғиб қилишда устувор аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, жаҳон илм-фан тараққиёти ривожига беқиёс ҳисса қўшган, юртимизни дунёга таратган буюк алломаларимизнинг илмий мероси, ёзма ва тошбосма манбалар Ватанимиз тарихининг ўчмас саҳифаларини безаб турадиган гавҳардир. Уларни муносиб тарзда сақлаш, келажак авлодларга етказиш, энг муҳими, улар қатидаги дуру гавҳар мисолидаги бой илмларни чуқур тадқиқ қилишда ушбу қарорда кўзда тутилган мақсад-вазифаларнинг аҳамияти беқиёс.

Муҳтарама Комилова, ЎзА