Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туман адлия бўлими томонидан тумандаги “Бахтли” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро М.Н.нинг туман Халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактаби метод бирлашмаси томонидан дарс соатлари кам берилаётганлигидан норозилиги тўғрисидаги шикояти ўрганилганида қуйидагилар аниқланди.

– Жумладан, 2021 йилнинг 27 август куни умумтаълим мактабининг метод бирлашмаси томонидан ўқитувчилар ўртасида янги ўқув йили учун педагогик юкламалар тақсимланган ва жисмоний тарбия фанидан мавжуд бўлган 32 дарс соатидан бир хил олий маълумотга эга ўқитувчиларга малака тоифаларини баҳона қилиниб, П.М.га 24 соати ва М.Н.га 8 соати берилган, – дейди Чимбой тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси Абат Палекеев. – Шундай қилиб, мактаб мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 30 июндаги Адлия вазирлигидан 3271-сон билан рўйхатдан ўтган “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги Низоми талаблари қўпол равишда бузилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида, туман адлия бўлими томонидан киритилган тақдимнома асосида мурожаат эгасининг талаби қаноатлантирилиб, дарс соатлари амалдаги қонунчиликка риоя қилинган ҳолда тақсимланиши ва жавобгар шахсларнинг интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Шунингдек, яна бир мактабнинг мансабдор шахслари томонидан ўқитувчи А.Б.нинг пенсия ёшига тўлганлиги баҳона қилиниб, 2021-2022 ўқув йили учун умуман дарс соатлари берилмаганлиги ёки меҳнат шартномаси бекор қилинмаганлиги тўғрисидаги шикояти туман адлия бўлими томонидан ўрганилди.

Маълум бўлишича, А.Б. ўқув йили бошланишидан аввал пенсия ёшига тўлган, аммо мактаб мансабдор шахслари томонидан қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилиш чоралари кўрилмаган ва меҳнат муносабатлари давом эттирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан адлия бўлими томонидан киритилган тақдимномага асосан, пенсия ёшидаги тажрибали устоз А.Б.га дарс соатлари ажратилиши таъминланди ва шикоят қаноатлантирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА