Миллий матбуот марказида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари олдида турган вазифаларга бағишланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси: оммавий ахборот воситалари ролини кучайтиришнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва бошқалар сўнгги беш йиллик ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилганини таъкидлади.

Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, қонун устуворлигини тараққиётнинг энг  зарур шартига айлантириш, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш, маънавий тараққиётни таъминлаш каби тамойиллар Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида устувор аҳамият касб этади.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш медиа соҳа вакилларидан катта масъулият, билим, тажрибани талаб этади. Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқини янада кенгроқ рўёбга чиқариш учун имкон яратиш, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш борасида ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Назокат Усмонова, ЎзА