Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июлдаги “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори асосида Оролбўйи ҳудудида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, денгизнинг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазорлар ташкил этилмоқда. Бу минтақа ҳудудининг иқлим шароитларини яхшилаш, турли чанг бўронлари ва қум кўчишларининг олдини олишда алоҳида аҳмият касб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг 5-6 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Парламентнинг Оролга нигоҳи” мавзусида экологик акция ўтказилди.

Акция иштирокчилари томонидан жойларда йиғилган бир тоннадан ортиқ саксовул уруғи ва кўчатлари Мўйноқ туманида ташкил этилган Марказий штабга топширилди. Шунингдек, акция иштирокчилари Оролбўйи ҳудудида ҳашарчилар билан биргаликда саксовул кўчатларини ўтқазишди. Оролнинг қуриган ҳудудида жойлашган Марказий штабда ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.

Акция давомида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вакиллари Оролнинг қуриган тубида экилган саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликларни экиш ва ўрмон барпо этилаётганлиги бўйича маълумотлар берди.

Шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида меҳнат қилаётган ўрмончилар учун маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашилди. Штаб майдонида ўрнатилган саҳнада санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Муҳтарама Комилова,
ЎзА