Қозоғистон халқаро ахборот агентлиги – “Kazinform” ЎзА – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сифатида қайта ташкил этилганига 30 йил тўлгани муносабати билан қозоқ, рус ва ўзбек тилларида мақола чоп этди.

“Ўзбекистоннинг Миллий ахборот агентлиги 30 йиллигини нишонламоқда” номли материалда Агентлигимиз тарихи, сифатли ахборот узатилишини таъминлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, келгуси истиқбол ҳусусида сўз боради.

– Бугунги кунда таниқли ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абусаид Кўчимов раҳбарлик қилаётган мазкур агентлик ўзбек, рус, инглиз, француз, испан, немис, араб, қозоқ ва хитой тилларида ахборот тарқатади, – дея эътироф этади яқин ҳамкоримиз – “Kazinform” мухбири.

Матнда ушбу махсус санага бағишлаб ўтказилган тадбир тўғрисида ҳам ахборот берилган. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ички ва ташқи сиёсат, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тезкор, ҳаққоний хабарлар, шунингдек сермазмун таҳлилий мақолалари билан фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ходимлар эътироф этилгани таъкидланган.

Яна бир ҳамкоримиз – Қирғизистоннинг “Каbаr” ахборот агентлиги ҳам ўз веб-сайти орқали ЎзА юбилейига муносабат билдирган. “Каbаr”нинг Тошкентдаги махсус мухбири Тўланбой Қурбонов чуқур таҳлил асосида тайёрлаган мақолада, жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтига йил давомида 100 дан зиёд мамлакатлардан, бир кунда эса 10 мингга яқин ўқувчи кириши, ушбу манбадан жаҳоннинг 50 га яқин етакчи, йирик ахборот агентликлари мунтазам фойдаланиши таъкидланган.

ЎзА веб-сайти Google, Yandex каби қидирув тизимларига мурожаат қилувчилар орасида юқори рейтингга эгалиги, ўнлаб, юзлаб сайтлар ўта аниқ, расмий ва ишончли, энг асосийси, бирламчи манба сифатида ЎзА материалларига ҳавола бериши, агентлик мобил иловаси Google Play ва Apple Store иловаларига улангани эътироф этилган.

Б.Худойбердиев,
ЎзА мухбири