4 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис иши “O‘zbekiston” ва “UzReport” телеканаллари, шунингдек, Сенатнинг www.senat.uz расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Дастлаб сенаторлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси бўйича ҳисоботи эшитилди.

Ҳукумат ҳисоботи билан танишган сенаторлар давлат дастуридаги аксарият вазифалар ижроси таъминланганини қайд этдилар.

Хусусан, Дастурнинг 273 та бандидан 243 таси тўлиқ бажарилган, 5 та банддаги вазифаларнинг ижро муддати узайтирилган, 20 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари ва таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 5 та банднинг ижроси бўйича тегишли лойиҳалар Олий Мажлис палаталарига киритилган.

Дастурда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 187 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.

Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилиб, 2021 йилда ўтган йилга нисбатан ялпи ички маҳсулот ҳажмини 7,4 фоизга оширишга эришилган, чакана савдо айланмаси ҳажми 12,0 фоизга ўсган, бюджет даромадлари 164 триллион 700 миллиард сўмга ижро этилган.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 7 800 та қишлоқ ва маҳаллалардаги 45 567 та объектда қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари тўлиқ якунига етказилган. 8 триллион 731 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобига 20 300 километр узунликдаги автомобиль йўлларида, 382 та кўприкда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилган. 5 892 километр ичимлик суви тармоқлари ҳамда 559 та иншоот қурилиши ва реконструкция қилиниши натижасида 1 миллион 500 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланган ва марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 65,1 фоиздан 69,7 фоизга етказилган.

Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида белгиланган 23 триллион 500 миллиард сўм маблағ тўлиқ ўзлаштирилиб, 2 173 та объект фойдаланишга топширилгани, шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган 524 416 нафардан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминлангани, 32 миллион 500 минг аҳоли тиббий хатловдан ўтказилгани, 14 миллионга яқин юртдошларимиз COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши икки дозада вакцина билан тўлиқ эмлангани алоҳида эътироф этилди.

2021 йилда болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 62 фоизга етгани, мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига қабули 2020 йилга нисбатан 1,7 бараварга ортгани, ёшларни олий таълимга умумий қамров даражаси 28 фоизга оширилиб, 170 минг нафардан ортиқ ўғил-қизлар олий таълимга қабул қилингани ҳам Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар жадал давом этаётганлигининг далилидир.

Сенаторлар дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлигини таъкидладилар.

Хусусан, Дастурда 50 та кон ва истиқболли майдонларни маҳаллий ва хорижий инвесторларга шаффоф механизмлар асосида фойдаланишга бериш вазифаси белгиланган бўлишига қарамай, амалда 20 та геологик объект сотилган.

Ишсиз фуқаролар, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, қайтиб келган меҳнат мигрантларини маҳалла даражасида касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш кўламини кенгайтириш мақсадида маҳалла касб-ҳунарга ўқитиш масканлари тармоғини кенгайтириш вазифаси юзасидан туман-шаҳарларда амалга оширилган ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган.

Ижтимоий-иқтисодий мақсадларга йўналтирилган марказлашган инвестициялар самарадорлигини ошириш, давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA) тизими жорий этилмаган.

Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари тажрибаси асосида барча шаҳар ва туманларда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”ни ташкил этиш вазифаси етарли даражада бажарилмаган.

Истеъмолчилар ҳуқуқи устуворлигини таъминлаган тадбиркорлик субъектлари рейтингини жорий қилиш тизими йўлга қўйилмаган.

Сенаторлар давлат дастуридаги топшириқлар ижросини таъминлашда Ҳукумат ва парламент аъзолари, тўртинчи ҳокимият ҳисобланган оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб борса, кўзланган барча мақсадларга албатта эришилишини таъкидладилар.

Жонли муҳокама ва қизғин савол-жавоблар асосида ўтган ҳисобот якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунингдек, ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ш.Ғаниевнинг қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳамда шу мақсадда ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги ПФ-6024-сонли фармони ижроси доирасида 2021 йилда жами 515,2 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар, шундан 197,5 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий қилинган. Натижада сув тежовчи технологиялар жорий қилинган жами ерлар 917,0 минг гектарга ёки суғориладиган майдонларнинг 20 фоизига етказилган.

Сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш орқали пахта хомашёсини етиштириш, интенсив боғларнинг 30,4 минг гектарида томчилатиб суғориш тизимини ташкил қилиш, янги узумзорлар барпо этиш ва уларни сув билан таъминлаш учун бурғуланган қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишга жами 1,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Шу билан бирга, муҳокама давомида сенаторлар томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, янги узумзорларни барпо этиш учун бурғуланган қудуқлар қазиш ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишга давлат бюджети ҳисобидан ажратилган маблағлардан, сув ресурслари ҳамда сувни тежайдиган технологиялардан самарали фойдаланишда қатор муаммолар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, жорий қилинган сув тежовчи технологияларни фойдаланиш учун қабул қилиш ва субсидия маблағлари ажратиш бўйича айрим туман ишчи гуруҳлари томонидан носоз ҳолдаги технологияларга ижобий хулосалар берилиб, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишига йўл қўйилган.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган бўлса-да, ерларни анъанавий усулда суғориш ва сувдан самарасиз фойдаланиш ҳолатларининг олди олинмаган.

Шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий қилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари масъулиятсизлиги оқибатида техник талабларга жавоб бермайдиган 848 та сувни тежайдиган технологияларнинг лойиҳалари жорий этилган ҳамда қурилиш-монтаж ишлари сифатсиз бажарилган.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни қурувчи аксарият пудрат ташкилотлари томонидан ҳудудларнинг турли табиий иқлим, тупроқ, гидрогеолог-мелиоратив шароитлари тўлиқ инобатга олинмаганлиги, қурилиш-монтаж ишлари бир хил параметрли лойиҳалар асосида олиб борилганлиги натижасида суғориш тизимлари носоз ҳолатга келган.

Сенаторлар томонидан кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман ҳокимликлари томонидан замонавий суғориш технологияларини қўллаш ҳамда ушбу мақсадлар учун бюджетдан ажратилган маблағларнинг самарадорлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларни кучайтириш ва масъулиятни ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Сенатнинг қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳамда шу мақсадда ажратилган маблағларни ўзлаштириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг адлия вазирининг 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ахборотда билдирилишича, 2021 йил давомида вазирликка ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 2 554 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси келиб тушган. Улардан 88 фоизи (2 246 та) ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва 12 фоизи (308 та) экспертиза ўтказилмасдан қайтарилган.

Лойиҳаларнинг 640 таси (28 фоиз) эътирозлар билан қайтарилган.

Шунингдек, гильотина усулида Ҳукуматнинг қарорлари ҳам қайта кўриб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли қарори билан 1 887 та қарор ўз кучини йўқотган деб топилган. Натижада норматив-ҳуқуқий базада Ҳукумат ҳужжатлари 10 фоизга қисқарган.

Қайд этилишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан киритилган 101 та ҳужжатдан 40 таси қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган. Бундай ҳолат Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 97 тадан 30 тани, Транспорт вазирлигида 56 тадан 20 тани ташкил этган.

Сенаторлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.

Жумладан, ҳудудий давлат органларига услубий кўмак кўрсатиш орқали уларнинг мазкур йўналишдаги фаолияти самарадорлигини ошириш чораларини кўриш, норматив ҳужжат қабул қилган орган билан амалий ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Вазирликлар ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий, гендер-ҳуқуқий ва коррупцияга қарши экспертизалардан ўтказишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа идоралар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳар бир экспертиза хулосасини вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш муҳим масала эканлиги қайд этилди.

Сенаторларнинг фикрича, Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий идоралари давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тақдим этилган лойиҳаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш муддатларига қатъий амал қилиши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилишида уларга кўмаклашишига алоҳида эътибор қаратиши лозим.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ишлари самарадорлигини таъминлаш юзасидан парламент назоратини кучайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг февралидан бошлаб ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш бўйича Ҳукумат, вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини танқидий ўрганиш, уларнинг фаолиятига ҳар ой баҳо бериш амалиёти жорий этилиши таъкидланди.

Шу мақсадда ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар устидан парламент назоратини олиб бориш, бу борада Сенат ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаол иштирок этиши лозимлиги қайд этилди.

Мажлис давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ҳар ойда Сенатга вазифалар ижроси бўйича таҳлилий маълумотлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича асослантирилган таклифлар киритиб борилиши белгиланди.

Сенат томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шунингдек, ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамасига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Статистик маълумотларга кўра мамлакатимизда айни вақтда “Facebook”да 4,7 миллион, “Instagram”да 3,7 миллион, “Linkedln”да 288 минг, “Телеграм”да 18 миллион, “Odnoklassniki”да 16,7 миллион, “Twitter”да 51,6 минг ва “В-контакте”да 2,6 миллион фойдаланувчи мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилмоқда.

Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар аҳолини ташвишга солмоқда.

“UZ” доменидаги веб-сайтларда миллий менталитетимизга ёт бўлган, фуқароларнинг, шу жумладан, ёшларнинг онги, руҳияти, маънавий-маърифий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, ахлоқсизлик, беҳаёлик, порнография, шафқатсизлик, зўравонлик, қимор ҳамда таваккалчиликка асосланган ўйинлар тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган материаллар ёки бошқа веб-ресурсларга ҳаволалар жойлаштириш (фойдаланувчилар томонидан) кузатилмоқда.

Бундан ташқари, маданият соҳасида кечаётган воқеалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бадиий фильм, реклама (жумладан, кўчалардаги баннерлар), мусиқа ва клипларда фақат пул, бойлик ҳамда маънавиятсизлик тарғиботи мавжуд. Айрим ҳолларда мутлақо миллий маънавиятимизга зид кўринишлар, саҳналар намойиш этилмоқда.

Шу боис ўқувчи ёшларнинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган ахлоқсизликни тарғиб қилувчи контентлар, диний адоватни қўзғатувчи, таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, тотализаторлар, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этадиган веб-ресурсларга қарши курашиш биргаликдаги устувор вазифа эканлиги таъкидланди.

Мажлисда сенаторлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

Сўнгра газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг портлаши билан боғлиқ салбий ҳолатлар юз беришига қатор омиллар сабаб бўлаётгани аниқланган.

Хусусан, автотранспорт воситаларига ноқонуний газ мосламасини ўрнатиш ва уларнинг ўз вақтида техник кўрикдан ўтказилмаслик ҳолатлари йилдан-йилга кўпайиб бораётгани таъкидланди. Бу автотранспорт воситалари портлаши билан боғлиқ мудҳиш ҳодисаларни вужудга келтирмоқда.

Жумладан, 2021 йилда автотранспорт воситаларига ноқонуний (амалдаги техник регламент талабларига жавоб бермайдиган) газ мосламаси ўрнатилганлиги билан боғлиқ 2 928 та ҳолат аниқланган бўлиб, бу 2020 йилга нисбатан 61 фоиз кўпдир.

Газ баллонлари ўрнатилган транспорт воситаларида 14 та портлаш ҳамда 2 та ёнғин чиқиш ҳолатлари содир бўлиб, уларда 9 нафар фуқаро жароҳатланган ва 14 нафари ҳалок бўлган.

Компрессор станцияларида автомобилларнинг газ баллонларини тўлдириш талаб ва тартибини бузиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Газ баллонларини автомобилларга ўрнатиш ва тегишли ускуналарни синовдан ўтказиш билан шуғулланувчи хўжалик субъектлари фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатилмаган. Газ баллонларининг техник синовдан ўтказилганлиги тўғрисида қалбаки далолатномалар расмийлаштириш ҳолатлари мавжуд.

Хусусан, 2021 йилда 36 нафар юридик ва жисмоний шахс автотранспорт воситаларига қонунчилик талабларига зид равишда газ баллонларини ўрнатиш ва синовдан ўтказиш билан шуғулланиб келган.

Газ баллонларининг техник синовдан ўтказилганлиги тўғрисида қалбаки ҳужжатларни тайёрлаш билан шуғулланиб келган 16 нафар жисмоний ва юридик шахс аниқланган.

Ушбу масалалар юзасидан сенаторлар Ҳукуматга парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда оқова сув тозалаш иншоотларида вужудга келаётган муаммо ва камчиликларнинг атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Оқова сув тизимларини яхшилаш бўйича халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган 5 та лойиҳа доирасида 33 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, 226,4 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилганлиги қайд этилди.

Ҳудудий лабораториялар учун 8 357 та махсус жиҳоз ҳамда ҳудудлардаги оқова сув тозалаш иншоотларига тирик микроорганизмларга бой бўлган биологик ва “Дефекат” моддаси етказиб берилган.

Амалга оширилган ишлар билан бирга айрим муаммолар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, саноат корхоналарининг оқова сувлар таркиби ифлосланиши натижасида ҳосил бўладиган, тозалаш иншоотлари ишлашининг технологик регламентини бузадиган моддалар юқори концентрацияда оқизилса, уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда белгиланмаган.

Соҳани мутахассислар билан таъминлашга етарлича эътибор қаратилмаган. Жумладан, олий таълим муассасаларида соҳа бўйича етук мутахассислар ва малакали кадрлар тайёрлайдиган йўналишлар мавжуд эмас. Натижада оқова сув тозалаш иншоотларини лойиҳалаштириш, қуриш, эксплуатация қилиш ва унинг таркибини аниқлашда муаммолар юзага келмоқда.

Уй-жой мулкдорлари ва уй-жойдан фойдаланувчилар томонидан ичимлик ва оқова сув хизматлари тўлови ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича етарли чоралар кўрилмаганлиги қайд этилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди ҳамда ушбу масала парламент назоратида қолдирилди.

Ялпи мажлисда Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти муҳокама қилинди.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга тақдим этилган 12 та қонун қўмита томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда экспертлар гуруҳи вакиллари иштирокида дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида Бош вазир ўринбосари ҳамда Ҳукумат аъзоларининг 11 та эшитуви ташкил этилган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабулларда ҳамда жамоатчилик томонидан кўтарилган масалалар юзасидан 4 та парламент сўрови юборилган. Уларнинг натижалари Сенатнинг ялпи ва қўмита мажлисларида муҳокама қилинган.

Ҳудудларда 4 та қонун ҳамда давлат дастурларининг ижроси ўрганилиб, натижалари юзасидан 7 та қўмита қарори ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан 3 та қўшма қарор қабул қилинган.

Янги тизим асосида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг баҳолаш йўлга қўйилган. Ҳудуд раҳбарлари ҳамда уларнинг ёшлар масалаларига масъул бўлган ўринбосарларини рағбатлантириш тартиби ва рейтинг баҳолаш методологияси ишлаб чиқилиб, маълумотларни таҳлил қилиб бориш учун платформа (www.yoshlarportali.uz) ишга туширилган. Платформадаги маълумотлар орқали ҳудудлардаги мутасадди раҳбарларнинг фаолиятини баҳолаб бориш имконияти яратилган.

Ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини ўрганиш доирасида 8 та қонун таҳлил қилинган. “Музейлар тўғрисида”ги ҳамда “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши таъминланган.

Шу билан бирга, муҳокама жараёнида Қўмитанинг ёшлар, маданият ва спорт соҳасида фойдаланилмаётган имкониятлари ҳам мавжудлиги таъкидланди.

Муҳокамалар якунида Сенат қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг Сенатнинг айрим қўмиталари фаолиятини такомиллаштириш масаласи муҳокама қилинди.

Маълумки, бугунги кунда экологик ҳолатни яхшилаш давлат ва жамият ҳаётининг энг долзарб масалаларидан биридир. Мазкур йўналишда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мажлис давомида Сенат ҳам бу борадаги фаолиятини мазкур долзарб масаладан келиб чиқиб такомиллаштириши зарурлиги белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 9-моддасига мувофиқ Сенатнинг айрим қўмиталари фаолияти ва ихтисосликларига ўзгаришлар киритилди.

Хусусан, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси фаолияти бевосита экология омилига боғлиқлиги, қўмитанинг бу борадаги катта тажрибаси инобатга олиниб, экология билан боғлиқ барча масалалар билан шуғулланиш мазкур Қўмита зиммасига юкланди.

Шунингдек, мамлакатимизда қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётгани, шу билан бирга, аграр соҳада алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган айрим тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани боис Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ўз фаолиятини қишлоқ ва сув хўжалиги масалаларига қаратиши белгиланди.

Шу муносабат билан мазкур иккита қўмита номлари ўзгартирилиб, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси этиб қайта номланди.

Ихтисосликдан келиб чиқиб, қўмиталарнинг асосий вазифалари белгиланди ва тегишли низомлар тасдиқланди.

Сенаторлар Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлади.

Парламент юқори палатасининг йигирма учинчи ялпи мажлисида 20 та масала, шу жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси якунларига бағишланган матбуот анжумани ҳам ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати