Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси давлат ва шахс, жамият ва инсон муносабатларида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган бир қатор тамойиллар илгари сурилган ҳужжат.

Ушбу тамойиллар мамлакатимизнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларида энг муҳим ўрин тутиши Янги Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида бундан буён тутадиган позициясини дунё ҳамжамияти тан олишига замин яратади.

Айни кунларда Тараққиёт стратегияси мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ундан келиб чиқувчи вазифаларни белгилаб олишга қаратилган қатор учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ҳам “Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясидаги инсон қадрини таъминлашнинг устувор мақсад ва вазифаларини амалга оширишда парламентнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидланганидек, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш қаратилган Тараққиёт стратегияси 2026 йилгача бўлган бунёдкорлик жараёнини қамраб олади ва йилма-йил амалга ошириб борилади.

Ундаги еттита устувор йўналиш замирида инсон қадрини таъминлашдек улуғ мақсад ётганлиги алоҳида эътироф этилди. Масалан, “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо қилиш” деб номланган 1-йўналиш 12 мақсад ва 45 та вазифани қамраб олган. Ушбу мақсадларга эришиш учун эса дунёдаги ноёб демократик тузилма бўлган маҳалла институтининг катта имкониятларидан самарали фойдаланиш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, натижада маҳаллани жамиятнинг ҳал қилувчи бўғинига айлантириш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, “Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт” ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи “Халқпарвар давлат” миллий дастурини амалга ошириш, халқ билан очиқ мулоқотнинг механизмларини янада такомиллаштириш, муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш каби вазифалар қўйилган.

Давра суҳбати иштирокчилари бу муҳим вазифани амалга ошириш учун барча манфаатдор вазирлик ва идораларнинг, асосийси, фуқаролик жамияти институтларининг саъй-ҳаракатларини сафарбар қилиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Якунда Тараққиёт стратегиясидан келиб чиққан инсон қадрини улуғлаш ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш билан боғлиқ мақсадларни амалга оширишда Олий Мажлис олдида турган долзарб вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА