Хитойнинг нуфузли «Beijing Review» журнали саҳифаларида Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда эришилган ютуқлар, келгусидаги ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари, шунингдек, 30 йиллик дипломатик муносабат самараси акс этган, томонларнинг БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлигига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди.

Умуман, Хитойда сўнгги йилларда Ўзбекистон барқарор ва жадал ривожланаётган давлатга айлангани, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида иқтисодиёт, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар амалга оширилаётганига юксак баҳо берилмоқда.

“Beijing Review” дастлаб ўз ўқувчиларини мамлакатни сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча йўналишлари бўйича устувор мақсад ва вазифалар қамраб олинган “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” билан таништиради.

Яна бир мақолада Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, жумладан, давлат раҳбарининг Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстона, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари бугунги кунда натижа бера бошлагани очиб берилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги янги минтақавий сиёсати туфайли минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган. Дўстлик ва ўзаро манфаатга асосланган фаол минтақавий шериклик Марказий Осиёнинг замонавий тарихида янги ижобий бурилиш нуқтаси бўлган.

Янги стратегия доирасида, биринчи навбатда, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатини янада мустаҳкамлаш асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлари қаторида мамлакат бўйлаб хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик камарини яратиш алоҳида ўрин тутади.

Нашр, деярли, барча соҳаларда Хитой – Ўзбекистон кўп қиррали ҳамкорлигини чуқурлаштиришнинг ҳозирги тенденциясини юқори баҳолайди. Алоқалар бундай жадал ривожланишининг асосий омили олий даражадаги фаол сиёсий мулоқотдир.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликдаги ютуқларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хитой Ўзбекистон товарлари учун энг йирик экспорт бозори ҳисобланади. 2021 йилда Ўзбекистон ташқи савдосининг умумий ҳажмида Хитой улуши 17,7 фоизни ташкил этди. Ўзаро товар айирбошлаш таркибида нафақат миқдор, балки сифат жиҳатидан ҳам сезиларли ижобий ўзгариш мавжуд.

“Ўзбекистонга Хитой инвестициясининг йиллик ўсиши 40-50 фоиз оралиғида. Бугунги кунда Хитойнинг бевосита сармояси Ўзбекистон иқтисодиётининг деярли барча тармоқларига кириб келган. Нефт-газ ва кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат соҳалари шу жумладан”, — деб ёзади “Beijing Review”.

Нашр таъкидлашича, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг мавжуд салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш имконини берган энг муҳим омиллардан яна бири миллий иқтисодиётни либераллаштириш жараёни бўлиб, бу икки давлат ўртасидаги сармоявий ва савдо ҳамкорлигини кенгайтириш учун барча эшикларни очган.

Бошқа материалларда икки давлатнинг туризм истиқболи, Ўзбекистон ва Хитойнинг ШҲТ доирасидаги ҳамкорлиги натижалари, шунингдек, мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга раислиги давридаги устувор мақсадлар ифодаланган.

“Умуман олганда, мамнуният билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллигини икки давлат изчил тараққиёт, ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлидаги кўзга кўринган ютуқлар шароитида нишонламоқда. Бу халқларимиз фаровонлиги йўлида тизимли ривожланиб бораётган Хитой – Ўзбекистон муносабатларининг ажойиб истиқболига ишонч билан қараш имконини беради”, — дея хулоса қилади нашр.

ЎзА