Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Унда барчи тизимлар қаторида Энергетика вазирлигига ҳам бир қатор устувор вазифалар белгиланган.

Вазирлик матбуот хизмати ушбу стратегияга асосан 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард метр куб табиий газни тежашни назарда тутувчи Президент қарори лойиҳаси тайёрланишини маълум қилди.

– Албатта, Тараққиёт стратегия энергетика соҳасини ривожлантириш, аҳоли ва истеъмолчилар эҳтиёжини қондириш чора-тадбирларини кўришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади, – деди Энергетика вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби Эльмира Бекмуродова. – Унда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади ва унинг ижроси таъминланади. Унга кўра, умумий қуввати 4 000 МВт бўлган 8 та шамол электр станцияси қурилади. Хусусан, 2023-2024 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида умумий қуввати 1 600 МВт бўлган 4 та, 2025-2026 йилларда республика бўйлаб умумий қуввати 2 400 МВт бўлган 4 та шамол электр станциясини ишга тушириш кўзда тутилган.

Шунингдек, умумий қуввати 4 000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилиши режалаштирилган. Дейлик, 2023 йилда Навоий, Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жами қуввати 1 100 МВт бўлган 4 та, 2024 йилда Бухоро, Наманган, Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида умумий қуввати 900 МВт бўлган 5 та, 2025-2026 йилларда республика бўйлаб жами қуввати 1 800 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади. 2030 йилга қадар қуввати 1 МВтгача бўлган кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳажми 1 000 МВтга етказилади.

Бундай саъй-ҳаракатлар эса қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасини бошқариш тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА