Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда балиқ истеъмолининг минимал меъёри бир йилда бир киши учун 12 килограммни ташкил этса, дунё давлатларида бу кўрсаткич 1 киши учун 16,6 килограммни ташкил этади.

Президентимиз томонидан 2021 йил 20 декабрь куни балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган селектор йиғилишда балиқчиликни янада ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, мавжуд ҳавзалар имкониятларидан самарали фойдаланиш, интенсив технологиялар асосида балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш ҳамда балиқчилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор топшириқлар берилган.

Жумладан, балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилишини маълум қилинган. Бундан ташқари, хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга солиқлардан озод этилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан вилоят ҳокимларига ўз ҳудудида балиқ етиштириш ҳолатини таҳлил қилиб, тадбиркорлар учун зарур шароитларни яратиб бериш вазифаси топширилган.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан мақсад, республикада балиқ етиштириш ҳажмини 700 минг тоннага етказиш ҳамда келгусида яна 10 мингта аҳоли хонадонида интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш ҳамда янги 15 та балиқчилик кластерини ташкил этишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекбалиқсаноати” уюшмаси ахборот хизмат раҳбари Зилола Рўзиева иштирокида брифинг ташкил этилди.

Брифингда мутахассис томонидан ўтган 2021 йил давомида соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан маълумотлар тақдим этилди.

Қайд этилишича, ўтган йил мамлакатимизда 364 та балиқчилик лойиҳалари амалга оширилиши натижасида 2 минг 310 та янги иш ўринлари яратилди. Республиканинг Наманган, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятларидаги 13 та балиқчилик лойиҳаларига 9,4 миллион доллар қийматдаги хорижий инвестициялар жалб этилган.

Ушбу лойиҳалар доирасида личинка ишлаб чиқариш қуввати 470 миллион дона бўлган 10 та инкубация цехлари ишга туширилиб, 4,1 миллиард дона балиқ личинкалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Балиқ чавоқларини етиштиришга ихтисослашган 873 гектар майдонда қуввати 52 миллион дона бўлган репродуктор ҳавзалар барпо этилган ва қуввати 15 минг тонна бўлган юқори сифатли омухта ем ишлаб чиқарувчи 3 та корхона ҳамда қуввати 4 000 тонна бўлган балиқни қайта ишловчи 8 та корхона ишга туширилган.

Шунингдек, қуввати 4,5 минг тонна бўлган 110 гектар майдонда интенсив сув ҳавзалари барпо этилган. Табиий сув ҳавзаларига 460 та (қуввати 920 тн.) қафас мосламалари ўрнатилди. 3 220 гектар оддий сунъий сув ҳавзалари интенсивлаштирилиши натижасида бир гектар майдонда балиқ етиштириш ҳосилдорлиги 2-3 тоннадан 10-12 тоннагача оширилган.

Мутахассис томонидан берилган маълумотларга кўра, совуқ сув балиқларини етиштиришга ихтисослашган корхоналарнинг қуввати оширилиб, 7 та хўжалик ишга туширилди. Хусусан, Наманган вилоятида “Кинг фиш экспорт“ МЧЖ, “Учқўрғон агро экспорт” МЧЖ, Тошкент вилоятида “Шарқ балиғи“ МЧЖ, “Салмондар“ ФХ ва Сурхондарё вилоятида “Қандил парвози файз“ ФХ шулар жумласидандир.

Ўтган 2021 йилда Бухоро, Жиззах, Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 1 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида 2 тадан жами 9 та балиқ етиштириш қуввати 3 100 тн., қайта ишлаш қуввати 1 550 тн. бўлган балиқчилик кластерлари ташкил этилган.

Бугунги кунда мазкур кластерлар барча солиқлардан озод этилиши натижасида 6,5 миллиард сўм имтиёзга эга бўлди. 19 та балиқчилик хўжалигига давлат томонидан 3,7 миллиард сўм субсидиялар ажратилди.

Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Вьетнам, Эрон ва Тожикистон давлатларига 8,9 миллион доллар қийматдаги 2,2 минг тонна балиқ ва балиқ маҳсулотлари экспорт қилинди. Юқоридаги ишларни ташкил этилиши ҳисобига 2021 йилда жами 400 минг тонна балиқ етиштиришга эришилган.

Маълумот ўрнида, балиқчилик соҳасини янада ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари турларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йил 13 январда “Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорга кўра, 2022 йил 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан балиқчилик соҳасига эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш харажатлари ҳамда уларнинг бир йиллик иш ҳақи миқдорининг 50 фоизигача, бироқ ойига 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади.

Бунда, мазкур харажатлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард сўм йўналтирилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА