Жорий йилнинг 28 январь куни «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» қарор қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан пенсия ва иш ҳақини ошириш, монополияга барҳам бериш, ҚҚСни камайтириш, нафақа ва моддий ёрдам тўлаш, ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини соддалаштириш ва бошқа чора-тадбирлар тасдиқланди.

Унга кўра, 2026 йилгача фуқаролар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

— Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1-4 синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминлаш йўлга қўйилади;

— 2023 йил 1 январдан бошлаб, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробаригача оширилди;

— Маҳалла ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида спорт ва маданий иншоотлар, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари, тадбиркорлик объектлари каби инфратузилмани яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади;

— 2022 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 млн. сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади;

— 2022 йилда иқтидорли ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақларини малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда оширилади;

— 2022 йилда йиллик инфляция даражасини 9 фоизгача ва 2023 йилда 5 фоиз ҳамда фискал тақчилликни 3 фоизгача пасайтириш чоралари кўрилади;

— 2023 йилдан ҚҚС ставкаси 12 фоизгача ҳамда банк, молия ва телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 15 фоизгача туширилади;

— 2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик субъектларида масофавий (онлайн) фаолият кўрсатиш имкониятларининг мавжудлигидан ҳамда уларнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни олиш тартиб-таомиллари қуйидагиларни инобатга олган ҳолда соддалаштирилади;

— Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор учун кенг йўл очиш мақсадида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 25 дан ортиқ фаолият тури бўйича монополиялар тугатилади;

— «Фуқароларнинг рақамли паспорти» лойиҳасини жорий қилиш ҳисобига аҳолидан туғилганлик тўғрисида ва ҳайдовчилик гувоҳномалари, шаҳодатнома ва диплом каби муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилиниб, кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш тизимини соддалаштириш ва уларга замонавий технологияларни жорий этиш орқали қўшимча қулайликлар яратилади;

— Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатилади;

— Йўл инфратузилмаси халқаро стандартларга мослаштирилади, ҳаракатни бошқариш тизими рақамлаштирилади, барча иштирокчиларнинг йўлларда хавфсиз ҳаракатланиши учун шарт-шароит яратилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА