Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов раҳбарлигидаги мамлакатимиз делегацияси Брюсселда бўлиб ўтаётган «Ўзбекистон – Европа Иттифоқи» Парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 15-йиғилишида иштирок этмоқда, дея хабат беради Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати.

2022 йил 30 январь куни Ўзбекистон парламенти делегацияси раҳбари А.Саидов Европа оммавий ахборот воситалари ва маданий-гуманитар соҳалар вакиллари иштирокидаги матбуот тадбирлари доирасида бир қанча учрашувлар ўтказди.

«Diplomatic World» журнали Бош муҳаррири Барбара Дитрих ва «Diplomatic World Institute» таҳлилий марказининг лойиҳалар бўйича менежери Алберто Туркстра билан бўлиб ўтган ўзаро мулоқот шулар жумласидандир.

Учрашув аввалида А.Саидов Президент Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»нинг маъно-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Хусусан, Б.Дитрих инсон ҳуқуқлари, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқларини амалга ошириш жуда муҳимлигини қайд этди.

Мулоқот якунида «Diplomatic World» журналининг навбатдаги сонида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига бағишланган мақола чоп этилиши ҳақида келишиб олинди. Ўз навбатида, А.Туркстра Тараққиёт стратегиясида давлат ҳокимияти органларини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг аҳамиятига эътибор қаратди.

Унинг фикрича, бундай оқилона мақсадларга эришилиши, шубҳасиз, мамлакатда аҳоли даромадларининг ошиши ва ялпи фаровонлик юксалишига олиб келади.

Н.Усмонова, ЎзА