Шу муносабат билан ташкил этилган семинарда бозорнинг тез ўзгараётган шароитини инобатга олиб, қисқа вақт ичида янги, замонавий малакали ишчи кадрларни тайёрлайдиган ўқув муассасаларига бўлган талаб кун сайин ошиб бораётгани қайд этилди.

Ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида, ҳамда ишсиз ёки вақтинча иш билан таъминланмаган аҳолини, жумладан, таълим муассасаларини битирганларни профессионал тайёрлаш ва қайта ўқитиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICA билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда профессионал таълимни имкониятларини ривожлантириш” лойиҳасини муваффақиятли амалга оширмоқда.

 

Лойиҳа иш бозори талаб қиладиган мутахассисларни ўқитиш ва қайта тайёрлашни ташкил қилишга бағишланган. Хусусан, ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари орқали, аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламини аниқлаб, уларни касбга ўқитади. Корхона ва ташкилотлар буюртмасига асосан, ишчиларини малакасини оширади ва қайта тайёрлайди. Юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида муайян касб бўйича қисқа муддатли ўқитиш курсларни ташкил этади. Марказларда ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касбга ўқитиш 8 ойни ташкил қилади. Шундан 6 ойи марказда касбга ўқитилади ва стипендия тўланади, 2 ойи эса корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиёти ҳисобланиб, у ерда марказда олинган билим, кўникма ва малака мустаҳкамланади.

 

Марказда меҳнат бозорида ва ҳудудда муҳим автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш, ахборот технологиялари, машинасозлик ишлаб чиқариш технологияси, электротехника, электроника ва автоматлаштириш каби йўналишларда мутахассислар тайёрланади.

 

Маълумки, мамлакатимизда барча таълим тизимида фаолият юритаётган ўқитувчи ва мураббийларнинг малакаси мунтазам ошириб борилади. Аммо касбга тайёрлаш марказлари ўқитувчиларини касб маҳоратини, малакасини ошириш учун маълум бир ўқув тизими йўлга қўйилмаган эди. Авваллари марказ ўқитувчилари хориж давлатларига, хусусан, Кореяга бориб тажриба алмашиб келган. Эндиликда Ўзбекистонда Миллий техник малакани баҳолаш ва ўқитувчилар малакасини ошириш институти очилиши кўзда тутилмоқда.

 

– Бу институт ўқитувчиларнинг ижодий имкониятларини шакллантириш ва ошириш, уларнинг илмий савиясини такомиллаштириш, дунёқарашини кенгайтириш, Ўзбекистонда кенг миқёсда техник жиҳатдан истеъдодли ва ўз касбининг устаси бўлган кадрлар тайёрлайдиган муҳим ўқув даргоҳи бўлишига ишонамиз, – дейди Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сун Жин Парк.

 

– Ўқитувчиларнинг касб даражаси ва малакасини доимий ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлаш тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш кўзда тутилган. Чунки кун сайин ўзгариб бораётган замон билан ҳамнафас бўлмай туриб, бугунги талабларга тўла жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлашнинг иложи йўқ.

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касбга ўқитиш марказлари ўқитувчиларини малакасини ошириш мақсадида ташкил этилаётган янги тизим соҳадаги кадрларни ҳар томонлама малакасини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, бу институт орқали касбга тайёрлаш марказларини тамомлаган мутахассисларнинг касб кўникмаси ҳам баҳоланади. Бу борада Корея тажрибасини ўрганиш ва улардан кўмак олиш муҳим аҳамиятга эга. – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICА ташкилоти билан самарали ҳамкорлик қилиб келади, – дейди Вазирликнинг бошқарма бошлиғи ўринбосари Одил Комилжонов. – Дастлабки лойиҳа доирасида Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабзда ташкил этилган касбга тайёрлаш марказларида беш мингга яқин ишсиз фуқаролар касбга ўқитилиб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи иш билан таъминланди. Жорий йилнинг март ойида Фарғонада ва 2023 йилда Урганчда ҳам ана шундай касб ҳунарга ўқитиш маркази очилиши режалаштирилган. Семинарда Миллий техник малакани баҳолаш ва ўқитувчилар малакасини ошириш институтини ташкил этиш, унинг таркибий тузилмалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА