Орол денгизи мавж уриб турган пайтларда Мўйноқ шаҳрига атрофдаги аҳоли пунктлардан ҳам одамлар кемаларда қатнаган. Нукус ва бошқа олис шаҳарлардан кунига 19 маротаба авиарейслар, Тошкентдан эса ҳафтасига 3 марта самолёт парвози амалга оширилган.

Мўйноқнинг атрофи денгиз билан ўралиб турган, энг қизиғи, денгизнинг остида карвон йўли ҳам бўлган. Бу ҳақида асли мўйноқлик тарихчи олим Октябрь Доспанов қизиқарли воқеаларни сўзлаб берди:

– Ўтган асрнинг 80-йиллар охирларигача Мўйноқнинг атрофидаги қишлоқлардан одамлар туман марказига кемаларда қатнар эди, – дейди Октябрь Доспанов. – Ўзимиз ҳам кўп маротаба кемада сузардик, шу пайтларда сув тубида каналга ўхшаш чуқурликларга кўзимиз тушарди. Кемалар шу йўлни мўлжалга олиб сузарди. Одамлар уни «Туя йўли» ёки «Карвон йўли» деб аташар эди.

Бир куни отамдан ушбу йўлнинг маъносини сўрадим. Билсам, Орол денгизи бундан аввал XIV-XV асрларда худди ҳозиргидек қуриб қолган экан. Савдо карвонлари йўлни қисқартириш учун Устюртдан айланиб юрмай денгизнинг қуриган майдони билан тўғридан-тўғри шимолий-ғарб томон йўл олибган. Карвон йўли Устюртга чиқиб, нарёғи Жем (Эмба) ва Эдил (Волга) дарёлари бўйларигача етиб борган.

Тарихдан маълумки, Чингизхон Хоразмга бостириб киришда Амударёнинг оқимини Сариқамиш кўлига қараб ўзгартириб юборган ва Амударё энди Оролга қуйилмай қўяди. Оқибатда Орол денгизи сувлари қайта бошлайди, халқ эса денгиз қочган сари унинг изидан бориб жойлашади. XIV-XV асрларда денгизнинг қуриган майдонларида кўплаб қалъалар қурилган. XVI асрдан бошлаб Амударё эски ўзани бўйлаб қайта оқа бошлайди ва шу қалъалар сув тагида қолиб кетган.

Ҳозирда Қозоғистон томонида денгизнинг қуриган майдонидан бир неча қалъалар топилмоқда. Мўйноқ тумани ҳудудида ҳам шундай қалъалар бор. Ҳозирда газ қазиб олинаётан Сургил («Сургил» сўзи аслида «Шўр кўл» сўзидан келиб чиққан. XIV-XV асрларда айнан шу жойда халқ яшаган ва кўлнинг суви шўр бўлиб кетгандан кейин у ерни «Шўр кўл» деб номлаган) деб номланувчи жойдан одамлар қадимий тангалар, сопол идишлар топган.

Е.Қаноатов, ЎзА