Эрон Ички ишлар вазирлиги 2017 йил декабрь ойида бўлиб ўтган оммавий норозиликларнинг сабабини эълон қилди

Эронда 2017 йилнинг декабрь ойида юз берган оммавий норозилик намойишларига халқнинг давлат идораларига бўлган ишончининг йўқолиши сабаб бўлган, дейилади Эрон ички ишлар вазирлиги хабарида. Бу ҳақда Анадолу хабар бермоқда.
Хабарда маълум қилинишича, мамлакат ички ишлар вазирлиги 28 декабрь куни рўй берган намойишлар бўйича ўз ҳисоботини Президент Ҳасан Руҳонийга етказган.
Ҳисоботга кўра, оммавий норозилик намойишларига халқ ишончининг йўқотилиши сабаб бўлган. Давлат тузилмалари одамларнинг талаблари, хоҳиш-истаклари билан қизиқмай қолган.
Бундан ташқари, Эрон ички ишлар вазирлиги мамлакатдаги тартибсизликларда АҚШ ва бошқа давлатларнинг иштироки борлигини ҳам истисно қилмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Эронда оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарган намойишлар 2017 йилнинг 28 декабрь куни Машҳад шаҳрида бошланган эди.

 

ЎзА