Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги “Саманбай” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Тўрамурод бест томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятида кластерлар фаолиятини янада такомиллаштириш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган семинар ташкил қилинди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Aктам Хаитов, туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва фермер деҳқон хўжаликлари раислари   иштирок этди.

Семинарда асаларичилик, қуёнчилик, паррандачилик, боғдорчилик ва бошқа қатор сердаромад йўналишлар бўйича самарали фаолият юритаётган, ўз навбатида ишбилармон тадбиркорга айланган томорқачилар, деҳқон хўжаликлари эгалари томонидан етиштирилган маҳсулотлар намойиш этилди.

Қайд этиш керак, бугунги кунда томорқадан фойдаланаётганлар чин маънода ҳам миришкор ҳам тадбиркор ҳисобланади. Чунки, у ўз меҳнати билан етиштирган маҳсулотларини бозорларга тўғридан-тўғри олиб чиқиб сотиш имкониятига эга. Бу борада томорқа эгалари ва миришкор деҳқонларга “Томорқа хизмати” кластерлари 12 та йўналишда хизмат кўрсатиши белгиланган.

Тумандаги “Тўрамурод бест томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятида томорқачилик кластери ташкил этилди. Бугунги кунда 2 гектар иссиқхонада помидор, бодринг ва булғор қалампири етиштирилиб, 0,5 гектар иссиқхонада туман томорқа ер эгаларига баҳорда экишларига сабзавот кўчатини етиштириб бериш учун тайёрланмоқда. Буғдой ва шолини қайта ишлаш, иссиқхона қуриш, маҳаллий хашаклар ва шоли қолдиғидан ем тайёрлаш цехлари, 500 тонналик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сақлови сиғимидаги музлаткич, дала дўкони, парранда ва чорва наслчилик фермалари, мева, сабзавот ва полизни очиқ усулда етиштириш майдони ва  уларда етиштириган маҳсулотларни сақлаш омборхонаси мавжуд. Мазкур масъулияти чекланган жамият негизида, инкубация цехини ишга тушириш, 50 сотих ер майдонида буғдойни гидропоника усулида интенсив ўстириб, чорва озуқасини тайёрлаш цехи қуриш режалаштирилган. Жорий йилда аҳолига 81 та ихчам иссиқхона қуриб бериш, 200 та хонадонга 100 бошдан хонаки парранда, 100 та хонадонга 20 бошдан қуён, 30 та хонадонга 5 тадан асаллари уяси, 500 та хонадонга 10 тадан узум кўчати, 60 та хонадонга 5 бошдан қўй ва эчки тарқатиш назарда тутилган.

Актам Хаитов тадбир доирасида ҳоким ёрдамчилари билан учрашиб,  Президентимизнинг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги фармонига асосан, маҳаллаларда иш олиб борувчи ҳоким ёрдамчисига катта ваколат ҳамда мажбурият юкланганлигини қайд этди. Мазкур лавозимларнинг таъсис этилганлиги жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шу орқали янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, маҳалла тизимидаги ишларни янада кучайтириш масаласи давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида ҳам ўз аксини топган.

Тадбирда томорқачиликни янада ривожлантириш, “Тўрамурод бест томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти қошида ўқув марказини ташкил этиш, унга томорқачиликка қизиқувчи ёшларни жалб этиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА