Саратон касаллигининг энг кўп тарқалган 10 туридан 8 тасини эрта аниқлаб беришга қодир янги ташхис-тест америкалик ва австралиялик олимларнинг ҳамкорликдаги тадқиқотлари маҳсулидир, деб хабар бермоқда ТАСС.
Шифокорлар бошқа усулларда саратоннинг эрта босқичи аниқланган мингдан зиёд беморда янги ташхис-тест – “CancerSEEK”ни синаб кўрди. У ўпка ва ичак саратонини 60 фоизга, ошқозон ва ошқозон ости бези саратонини 70 фоизга, жигар ва тухумдонлар ракини эса 95 фоизга тўғри тасдиқлаб берган. Тадқиқотчилар 800 та кўнгиллини ҳам “CancerSEEK” билан текширди. Ёлғон ташхис кўрсаткичи бир фоизга ҳам етмаган.
Тажрибалар давом этмоқда. Тадқиқотчилар фикрига кўра, бир-икки йилдан сўнг “CancerSEEK”ни даволовчи шифокорлар ҳам қўллай бошлайди. Ҳозирда янги ташхис-тестнинг нархи 500 доллар атрофида.
Тадқиқот ишлари Science журналида чоп этилган.