Тонга ҳудудидаги йирик вулқон уйғониши муносабати билан Қирол Ахо-Эиту Тупоу VI саройдан бошқа жойга кўчирилди. «РИА Новости» Янги Зеландиянинг “RNZ” радиосига таяниб тарқатган хабарга қараганда, Полинезиядаги мазкур орол-давлат етакчиси саройдан хавфсиз манзилга олиб ўтилиши отилаётган вулқон таъсири пойтахт Нукуалофу шаҳригача етиб келгандан кейин содир бўлди.

Бундан аввалроқ маҳаллий «Matangi Tonga” янгиликлар портали Тинч океани жанубий қисмида жойлашган ушбу давлатдаги Хунга-Хаапай вулқони жонлангани ҳақида ахборот узатган. Шундан сўнг ҳукумат аҳолини цунами юзага келиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Қайд этилишича, турна қатор полициячилар ва ҳарбийлар Қиролни виллага кузатиб боришган. Маҳаллий аҳолига имкон даражасида қирғоқдан узоқроқ бўлиш, тепаликларга чиқиб олиш тавсия этилган. Радио хабарида сарой ҳудудидан ташқари, соҳил бўйи ва пойтахтнинг асосий кўчасини ҳам сув босгани келтирилган.

Шунингдек, Америка Самоасида ҳам цунами хавфи эълон қилиниб, Савай ороли жанубий томонида жойлашган қишлоқлардаги 100 дан зиёд хонадон улкан тўлқинлар ҳосил бўлиши оқибатида эвакуация қилинган.