Ўзбекистон Қуролли Кучларининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ташкил этилган театрлаштирилган тантанали тадбирда юрт ҳимоячилари шарафланди.

Ватан хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаётган Ватан посбонларининг мардлиги ва жасоратини мадҳ этувчи ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар янгради. Янгиланган мустаҳкам Миллий Армиямиз куч қудратини ифода  этувчи адабий композициялар, саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Байрам тантанаси ўтказиладиган Маданият маркази фойесида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг тумандаги ҳарбий қисмлари томонидан замонавий қурол-аслаҳалар кӯргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси байроқлари ҳилпираб турган фойеда меҳмонларни 9- ва 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабларининг санъатсевар ўқувчилари Ватанни мадҳ этувчи ҳарбий марш садолари билан кутиб олди. Кўтаринки кайфият бағишловчи чорлов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари мадҳиялари янгради.

Тантанали байрам тадбирига ташриф буюрган туман ҳудудидаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг зобитлари, муддатли ҳарбий хизмат бурчини адо этаётган аскарлар ва Миллий Армиямизнинг фахрий, захирадаги зобит ва аскарларига самимий тилаклари билдирилди.

Сўнг Ўзбекистон Қуролли Кучларининг фаолияти, зобит ва аскарларнинг юртимиз сарҳадларини қўриқлаш жараёнидаги жасорат ва қаҳрамонликлари акс эттирилган видеоролик ва санъаткорлар томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Тантанали байрам тадбири давомида туман Мудофаа ишлари бўлимига ҳамда туман ҳудудидаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисмларида хизмат бурчини ўтаётган миллий Армия зобитлари, муддатли ҳарбий хизмат бурчларини адо этаётган намунали аскарларга Амударё тумани ҳокимининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА