Углеводород захиралари йил сайин камайиб, жаҳон бозорида нефть ва газ нархи кўтарилмоқда. Бу эса ўз навбатида, қуёш, шамол ва бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенг жорий этишни тақозо этмоқда.

Мамлакатимизда ҳам ислоҳотларнинг жадаллашуви, саноатнинг ривожланиши, аҳоли сонининг кўпайиши натижасида энергияга бўлган талаб кескин ошиб бормоқда. Бу кўрсатгич 2030 йилга бориб қарийб 2 баробарга ортиши кутилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда барқарор ривожланиш соҳасидаги энг муҳим мақсад ва вазифаларидан бири 2030 йилгача қайта тикланувчи манбалардан олинадиган энергия улушини кўпайтиришдан иборат. Бу борада бир қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт Стратегиясидаги устувор йўналишлар мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган йиғилишда шулар ҳақида сўз борди.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунда мамлакатимиз иқтисодиётида энергия самарадорлигининг пастлиги, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш, технологик янгиланишининг сустлиги, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш учун инновацион ечимларни жорий этишда хусусий сектор иштироки етарли эмаслиги барқарор ривожланиш соҳасига салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Салбий таъсирни бартараф этиш учун соҳаларга қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳозирда долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Шу мақсадда 2022 йилда Қорақалпоғистонда 1 700 МВт.лик шамол электр станциясини қуриш бўйича лойиҳа битими имзоланиши режалаштирилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланишни тизимли равишда ташкил этиш юзасидан дастур ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилмоқда.

Бу борада «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунда кўзда тутилган солиқ, божхона ва бошқа имтиёзларни жорий этиш орқали хорижий инвестициялар ва маҳаллий тадбиркорларни соҳага жалб этиш, кадрлар тайёрлаш масалалари муҳимлиги таъкидланди.

Жумладан, Стратегияси лойиҳасида кўра иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга кенг жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш белгиланган.

Шунингдек, 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 40 миллиард кВт./соатга ошириб, жами 110 миллиард кВт./соатга етказиш, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш ҳамда ҳавога чиқариладиган зарарли газларнинг ҳажмини 8 миллион тоннага камайтириш мақсад қилинган.

Йиғилиш иштирокчилари кўрилган масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА