Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон армияси объектив қаршисида” номли китоб-альбомни нашрдан чиқарди.

Ушбу китоб-альбом Мудофаа вазирлиги фаолияти – жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, халқаро ҳарбий ҳамкорлик, ижтимоий муҳофаза, моддий таъминот, ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясига оид энг сара фотосуратларни ўзида жамлаган.

Китоб-альбом “Олға бос, енгиб бўлмайдиган тўсиқ йўқ!”, “Машқ майдонида профессионаллар”, “Халқаро ҳарбий ҳамкорлик”, “Қўшинларнинг қувват манбаи”, “Мен ғолиб!” ва “Аскар бўлар йигитнинг марди” каби ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги умумий 6 бўлимдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, таҳририятнинг 30 йиллик архивидан миллий армиямизнинг шаклланиши, ривож топиши ва халқаро майдонда муносиб мавқега эга бўлиш босқичлари акс этган такрорланмас ва тарихий фотосуратлар жой олган. Жамоа эса буни яхлит тарзда китоб-альбом кўринишида халқимизга тақдим эта олди.

Қуруқликда, сувда ва ҳавода, куну тун, ёзу қиш зиммасидаги шараф ишини мардлик ва жасурлик, садоқат ва фидойилик билан бажараётган ҳарбий хизматчиларнинг машғулотлари, кундалик ҳаёти акс этган ушбу мажмуа кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, таҳририят томонидан “Ватанпарвар” кутубхонаси рукни остида бундан аввал “Мангу жасорат”, “Қалқон қўшиғи” ва яна кўплаб китоблар нашр этилган эди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
лейтенант.

ЎзА