Маълумки, шу кунларда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият янада мураккаблашмоқда. Хусусан, COVID-19нинг янги – «омикрон» штамми қатор мамлакатларда жиддий муаммоларни юзага келтирмоқда.

Касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида мутахассислар томонидан санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, жамоат жойида оралиқ масофани сақлаш, тиббий ниқоб тақиш қоидаларига риоя этиш зарурлиги айтилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2020 йил 20 мартдаги «Тиббий буюмлар рўйхатига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги буйруғи билан тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилган. Эндиликда тиббиёт ниқобни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ҳамда уни реализация қилиш учун лицензия талаб этилмайди. Шунингдек, тиббиёт ниқобини амалиётда қўллаш учун давлат рўйхатидан ўтказилмайди.

Шу ўринда савол туғилади: тиббиёт ниқоблари бозорларда, кўчаларда бемалол сотилиши мумкинми?

Бугуннинг долзарб саволига Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати бош мутахассиси Лочинбек Худоёров жавоб берди.

– Тиббиёт ниқоблари тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилди, дегани – бу унинг сифати назорат қилинмайди, дегани эмас. Ниқоб ўзига юклатилган вазифаларни самарали бажариши учун ишлаб чиқарувчилар уларни тайёрлашда тиббий ҳимоя воситаларига қўйиладиган барча техник талабларга қатъий амал қилишлари зарур, – дейди Лочинбек Худоёров.

Нотўқима полотнодан тайёрланадиган тиббиёт ниқобларига қўйилган асосий талаблар келтирилган. Унга кўра, мамлакатимизда тиббиёт ниқобларига қўйилган талаблар OʼzDSt 3452:2020 давлат стандарти билан тартибга солинади. Ушбу стандарт EN14683:2014 «Masks medical. Requirements and test methods» стандарт талаблари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, 2020 йилнинг 1 июлидан кучга кирди. Мазкур стандартга мувофиқ, тиббиёт ниқобларига қўйилган асосий параметрлар ва хусусиятлар ўрнатилган, хусусан, тиббиёт ниқоблари фильтрлаш (олд) қисми (корпус), эластик ленталар, улар ёрдамида ниқобни бошга тақиш, ниқобнинг юқори қисмини мослашувчан шаклга келтириш учун мўлжалланган пластик сим бўлиши каби таркибий қисмлардан иборат бўлиши шарт.

Истеъмолчилар билан келишилган ҳолда тиббиёт ниқоби турли рангларда ишлаб чиқарилиши, шунингдек, ҳар хил шаклга ва тузилишга, қўшимча функцияларга, хусусан, юз қисмини ёпиб турадиган қаватга (фойдаланувчини юзини ҳар хил томчилар сачрашидан ҳимоя қилиш учун) ва терлашга қарши функцияли ёки бу функциясиз ёхуд бурун фиксаторига (бурун шаклига мослашувчан бўлиб, юзга ёпишиб туриши учун) эга бўлиши мумкин. Фильтрлаш қисми (корпус) фильтрация қаватдан иборат бўлиб, иккита ташқи қаватлар орасида жойлашган бўлиши керак.

Алоҳида таъкидлаши керакки, ниқобдан фойдаланганда, ниқоб қатламларга ажралмаслиги, парчаланмаслиги ва йиртилмаслиги керак. Ниқоб фильтрлаш қисмида 1 мм.дан катта бўлган қаттиқ икки томони очиқ тешиклар, йиртилишлар бўлиши ва сирти ифлосланишига йўл қўйилмайди. Ниқобнинг ўрамсиз оғирлиги ҳам 10 граммдан кўп бўлмаслиги бўлиш керак.

Агар аҳоли харид қилган нотўқима полотнодан тайёрланган тиббиёт ниқоби юқоридаги талабларга жавоб бермаса, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 ишонч телефонига мурожаат қилиши мумкин.

Маълумот ўрнида қўшимча қилиш мумкинми, Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 8-моддасида истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА