Мамлакатимиз аҳолисининг ярмини ташкил этадиган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда. Жумладан, «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳасида ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 баробар камайтириш, биргина 2022 йилда 80 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ҳам аниқ механизмларни амалга ошириш белгиланган. Шунингдек, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам белгиланган бўлиб, ҳар бир ҳудудда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва Ҳукумат даражасида тасдиқлаш назарда тутилмоқда. Унга кўра, ҳудудларда «Хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари» ва кластерлари ташкил қилинади.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида Стратегия лойиҳасининг айни жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Тараққиёт стратегияси лойиҳасида аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда, иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга ошириш, ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида алоҳида маълумотлар базасини яратиш, жумладан, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестр»и билан интеграция қилиш каби муҳим вазифалар ҳам ўз аксини топган.

Фармон лойиҳасида хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар касаллиги ва перинатал касалликлар профилактикаси ва уларнинг олдини олиш бўйича ишларни янги босқичга кўтариш, бу борада 46 та туманлараро перинатал марказларни ташкил этиш, уларни кадрлар, зарур тиббий техника ва буюмлар билан таъминлаш назарда тутилган.

Қўмита мажлисида фармон лойиҳаси ҳудудлар манфаатларини тўла равишда қамраб олганлиги, хотин-қизлар учун берилаётган имкониятлар аёллар турмуш тарзини янада фаровонлаштиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА