Аввал хабар қилинганидек, бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ҚҚСдан озод қилишни 2022 йил 30 апрелга қадар узайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ушбу ҳужжат муҳокамаларида сўз олган депутат Дониёр Ғаниев ҳукумат аъзоларига бир қатор саволларни кўндаланг қўйди.

Жумладан:

“Ҳукумат томонидан берилган маълумотга кўра, бир ойда мамлакатимизга 11 минг тонна гўшт маҳсулотлари кириб келган. Аммо Статистика қўмитаси маълумотларида 2021 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида 6,5 минг тонна гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Биз қайси маълумотга ишонайлик!? Ёки гўшт импортини оладиган бўлсак, асосий импортёрларимиз  Беларусь, Қозоғистон ва Украина давлатлари ҳисобланади. Айни пайтда эса Қозоғистондаги вазиятни кўриб турибмиз. Бу вазият эртага кириб келадиган гўшт маҳсулотларининг нархига қандай таъсир қилади, бу прогноз қилинганми, қандай чоралар кўрилади?”

Шунингдек, депутат кўрилган қонун лойиҳаси ҳужжатларидаги бир қатор камчиликларни айтиб, ҳукумат вакилларидан қонун лойиҳаларини қуйи палатага киритишда регламентга амал қилишни, масъулиятли ёндашишни сўради.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА