Соғлиқни сақлаш вазирининг 2 ўринбосари ҳам бу амалда исботланганини журналистларга маълум қилди

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари ўзбек-хитой вакцинасининг кучайтирилган, яъни бустер дозаси «омикрон»дан  тўлиқ – юз фоиз ҳимоя қилишини айтиб чиққан эди. Бу амалий натижаларга таяниб айтилган хулосами ёки ўзи умуман мутасаддиларнинг бу баёнотини қандай тушуниш керак?

ЎзА мухбири юртимиздаги коронавирус билан боғлиқ мавжуд эпидемиологик ҳолат юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида ушбу савол билан мутасаддиларга юзланди.

— Ўзбек-хитой вакцинасининг биринчи дозасини қабул қилган инсонларда  жуда яхши иммунитет ҳосил бўлгани кузатилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов.  – Кейинги ва бустер дозани олганларда коронавирусга қарши иммунитет ундан-да яхши шакллангани кўринди. “Омикрон” олдинги штаммлардан  битта “s” оқсилидаги мутацияси билан фарқланади. Қолган 99,9 фоиз антиген активлиги аввалги штаммлар билан бир хил даражада. Демак, бу – “Делта” ва “Ухан” вариантига бизнинг ўзбек-хитой вакцинамиз жуда катта самара берганини ҳамда  вакцина кучи бу штаммга нисбатан 99,9 фоиз сақланишини инобатга олиб айтилган фикр.

— Биз ковид билан курашишда халқаро тажриба, халқаро ҳамкорликка таянаяпмиз, халқаро илмий изланишларни тўлиқ амалга оширяпмиз, – дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. – Хитойнинг бу борадаги ютуқларини бугунги кундаги рақамлар кўрсатиб беряпти. 171 мамлакат ичида Хитой касалланиш кўрсаткичи энг кам давлат ҳисобланади.  Бу эса Хитойнинг бу борадаги изланишларида аниқлик борлиги, ҳаққоний натижалар бераётганини билдиради. Ҳақиқатдан ҳам қўшма вакцинамизнинг “омикрон”га тўлиқ таъсир қилиши исботланди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА