Мамлакатимизда интернет фойдаланувчилари сони 27 миллиондан ошган. Шундан 25 миллиондан зиёди мобил интернет фойдаланувчиларидир.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Аҳматов маълум қилди.

Рақамли иқтисодиёт ривожланиши учун энг муҳим омиллардан бири телекоммуникация инфратузилмасини барпо этишдир. Шу мақсадда 2021 йилда телекоммуникация тармоғини ривожлантириш мақсадида 50 минг километр оптик-толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 118 минг километрга етказилди. Бунинг натижасида аҳоли масканларининг 67 фоизига мазкур тармоқ кириб борди. Оптик тармоқни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар келгуси йилларда ҳам мана шундай жадал суръатларда давом эттирилиши белгиланган.

Маълумотларга кўра, ўтган 2021 йил давомида аҳолига юқори тезликдаги интернет хизматларини кўрсатиш қурилмаларининг умумий сиғими 3,6 миллионга етказилган. Маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят ва туман марказлари даражасида 1,5 баробарга ошди. Бугунги кунда халқаро интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик имконияти 1 800 Гигабит/секундни ташкил этиб, 2022 йил якунига қадар ушбу кўрсаткич 3200 Гигабит/секундгача кенгайтирилиши режалаштирилган ҳамда оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,9 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с учун 30 минг сўмни ташкил этмоқда.

Бугунги кунга келиб 95 фоиз аҳоли масканлари мобил интернет билан қамраб олинганлиги натижасида 54 фоиз уй хўжаликларига юқори тезликдаги интернетга уланиш имкони яратилган. Мобил алоқа хизматларини ривожлантириш мақсадида мобил интернет тезлиги 1,5 баробар оширилди ва 2021 йилда 14 минг 150 та қўшимча таянч станциялари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 45 минг 890 тага етказилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 27,2 миллиондан ошган. Шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 25,3 миллион кишини ташкил этмоқда. Келгусида Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида йирик маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказлари қурилиши режалаштирилган.

Шунингдек, республикада телекоммуникация операторларининг рақамли инфратузилмани ривожлатириш бўйича ишларни қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини имкон қадар мақбуллаштириш ва имтиёзлар бериш ишлари амалга оширилади. Олиб кириладиган телекоммуникация ускуналари ва қурилмаларини, ноутбукларни божхона тўловларидан озод этиш, жалб қилинадиган чет эл кредитлари бўйича давлат кафолатини бериш чоралари кўрилади.

Бугунги кунда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришнинг қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичлари белгилаб қўйилган бўлиб, жумладан, халқаро маълумотлар узатиш каналининг ўтказувчанлик қобилияти 3,5 маротаба оширилади. 150 минг км оптик толали алоқа линиялари қурилиш ҳисобига маълумотлар узатиш тармоғи кенгайтирилиб, халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларини мобил алоқа тармоқлари билан тўлиқ қамраб олиши таъминланади. Оптик толали алоқа линиялари барча аҳоли пунктларига етказилиб, уй хўжаликларининг камида 80 фоизи интернетга кенг полосали симли уланиш имконияти билан таъминланади.

Телекоммуникация операторлари ва провайдерлари 2022 йил 1 январдан бошлаб Интернет жаҳон ахборот тармоғига кенг полосали уланиш тармоқларини лойиҳалаш ва қуришда маъмурий бинолар ва кўп квартирали уйлар камида 1 Гигабит/секунд ўтказувчанлик қобилияти ва таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотлари камида 100 Мегабит/с ўтказувчанлик қобилияти билан таъминланади.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА