Нукус туманидаги ҳарбий қисмларнинг бирида янгидан қурилган маънавият ва маърифат маркази ҳамда қисм штаби бинолари фойдаланишга топширилди. Бу ҳарбий хизматчиларга байрам туҳфаси бўлди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси – ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари Мурат Камалов ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов иштирок этди.

Таъкидланганидек, Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг замирида ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, хизматни ўташ ва яшаш учун қулай шароит яратиш, қўшинларнинг жанговар шайлигини юксалтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар турибди.

Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида мамлакатимиз бўйлаб фойдаланишга топширилаётган ижтимоий ва жанговар тайёргарлик объектлари бунга яққол мисол. Тадбирда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучлар фахрийлари, нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда қурувчилар иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, бундан олдин энг олис гарнизонда жойлашган мазкур ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган ҳарбий хизматчилар ўз фарзандларини фан ва спорт тўгаракларига беришда муаммоларга дуч келар эди. Ҳарбий шаҳарча туман ва шаҳар марказидан олисроқда жойлашгани ҳам қўшимча қийинчиликлар туғдирарди. Каттароқ тадбир ўтказиш учун ҳам алоҳида зал бўлмаган. Гарнизондаги 2-сонли ҳарбий шаҳарча ҳудудида 2021 йилнинг март ойида қурилиши бошланган мазкур объект илгари ташландиқ бўлиб турган 1100 квадрат метр майдонда бунёд этилиб, бир қават ва уч мажмуани ўз ичига олади.

Биринчи мажмуада тантаналар зали ҳамда меҳмонларни кутиб олиш хоналари. Иккинчи мажмуада Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига хизмат кўрсатувчи математика, ментал арифметика, она тили, инглиз тили, рус тили ва компьютер саводхонлигидан тўртта тўгарак ва битта кутубхона учун хоналар мавжуд. Учинчи мажмуа спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга хизмат қилиб, унда ёпиқ спорт майдончаси, фитнес ҳамда оғир атлетика билан шуғулланиш учун заллар барпо этилди. Бинода санитар тизим, кийим алмаштириш ва ювиниш учун жойлар ҳам бор.

Шунингдек, бино ичкарисида манзарали гул ва дарахтлардан иборат “қишки боғ” яратилган. Тадбир давомида ҳарбий қисмнинг капитал таъмирдан чиққан 5 та жанговар тайёргарликдан машғулот ҳамда 15 та хизмат хонасидан иборат бўлган икки қаватли штаб биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари маданий ҳордиқ олишини ташкил этиш, ёшларнинг маънан ва жисмонан баркамол бўлиб вояга етишини таъминлашга хизмат қиладиган ушбу марказ қурилиши Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳисобидан ажратилган пул маблағи эвазига бунёд этилди.

Довуд Абибуллаев,  
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА