Мудофаа вазирлиги қўшинларини ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан бутлаш, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, янгидан харид қилинган 11 дона “КАМАЗ-4326” русумли юк автомобили Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирига топширилди.

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил топганининг 30 йиллиги арафасида ҳарбий қисмга янги ҳарбий техникаларнинг тақдим этилиши байрамга хос туҳфа бўлди.

Тадбирда сўз олган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳод Шерматов сўнгги беш йиллик давр армиямиз учун том маънода юксалиш, янгиланиш даври бўлганини, сафларимиз режали тарзда замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан бутланиб келаётганини эътироф этди. Бу каби техникалар дала-даштларда, чўл ва ўтувчанлиги оғир ҳудудларда қулайлиги, мамлакатимиз иқлим шароитида фойдаланишга яроқлилиги, юриш захираси юқорилиги ҳамда ёнилғи сарфи бўйича тежамкорлиги билан ҳарбий қўшинлар учун ҳар томонлама мос келишини таъкидлади.

Мазкур техникалар Самарқанддаги “КАМАЗ” русумли автоуловларни йиғишга мўлжалланган “UzAuto Trailer” МЧЖнинг ишлаб чиқариш линиясида йиғилган.

Таъкидлаш жоиз, ҳарбий ва жанговар техника ҳамда қурол-аслаҳаларни жорий таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ишларини самарали олиб бориш мақсадида ҳарбий қисмнинг техникаларни сақлаш парки қошидаги Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тармоғи яқинда қайта реконструкция қилинди.

Замонавий дастгоҳ ва агрегатлар билан жиҳозланган ушбу объектда мойлаш ишларини амалга ошириш, фильтрлар ва ҳаво кассеталарини ювиш ва мойлаш, стабилизаторлар, тунги мосламалар, электр жиҳозлари ва назорат-ўлчов асбобларини текшириш постлари яратилди. Шунингдек, монтаж-демонтаж, агрегатларни жорий таъмирлаш, чилангарлик, электрогаз пайвандлаш, темирчилик, электр жиҳозларига хизмат кўрсатиш, ёнилғи аппаратлари ва тентларни таъмирлаш ҳамда бўёқлаш каби ўнлаб иш жойлари яратилди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА