Хушхабар
Ёхуд ўзбек олимларининг Ўзбекистон кластер тизими ҳақидаги асари етти тилда чоп этилди
Шу йили Германияда “Cotton-Textile Cluster — loсomotive of the economic development” («Пахта-тўқимачилик кластери — иқтисодий тараққиёт локомотиви») китоби инглиз тилида чоп этилган эди.
Мазкур асар Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, республикада хизмат кўрсатган иқтисодчи, иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор Муртазо Раҳматов ҳамда академик, биология фанлари доктори, профессор Бакридин Зарипов бошчилигидаги муаллифлар гуруҳининг ижод маҳсулидир.
Унда мамлакатимизда сўнгги беш йилда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш борасидаги янгиланишлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади. Китобда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ғояси асосида амалиётга кластер тизими жорий этилиб, қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва чуқур қайта ишлашнинг “занжирли усули” яратилди. Бу эса ўтган жуда қисқа вақт ичида соҳани тараққиёт сари етакловчи “драйвер”га айланди. Айниқса, кластерлар томонидан амалиётга татбиқ этилаётган янги ғоялар, инновация ва ноу-хаулар аграр секторни саноатлаштириш, қишлоқ меҳнаткашларининг ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қиляпти.
Юртимиз агросаноат жабҳасидаги бундай сифат ўзгаришлари пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти мисолида нафақат матн, балки тасвирлар, инфографикалар, диаграммалардан ёрдамида кенг очиб берилган. Бу эса Ўзбекистоннинг кластер тизимига жаҳон ҳамжамияти қизиқишини янада оширмоқда. Мазкур китоб жаҳоннинг 80 дан ортиқ мамлакатларида сотилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Куни кеча ушбу асарни чоп этган “LAMBERT Academic Publishing” халқаро илмий нашриётидан хушхабар келди. Унда айтилишича, “Cotton-Textile Cluster — loсomotive of the economic development” китоби немис, испан, француз, итальян, португал, рус тилларига ҳам таржима қилиб, қайта нашр этилди. Натижада мазкур иқтисодий асарни Лотин Америкаси, Европа, Россия ва бошқа бир қанча давлатлар аҳолиси ўз она тилида ўқишга муваффақ бўлди.
— Биз учун бу кутилмаган янгилик, Янги Ўзбекистон халқига ўзига хос Янги йил байрами совғаси бўлди, — дейди китоб муаллифи, профессор Муртазо Раҳматов. — Қувонарли томони шундаки, ушбу асар орқали дунё ҳамжамияти Президент Шавкат Мирзиёевнинг элни фаровон, халқни бой қилишдек эзгу мақсадга йўғрилган кластер ғояси мазмун-моҳиятидан яқиндан хабардор бўлишмоқда. Ўзбекистонинг ноёб тажрибаси билан танишиб, Янги Ўзбекистон ва бу ердаги қулай бизнес муҳити, инвесторларга яратиб берилган имкониятлар ҳақида яхлит тасаввур ҳосил қиляпти. Зеро, “Cotton-Textile Cluster — loсomotive of the economic development” китоби чет эллик ишбилармонлар, инвесторлар, экспертлар, давлат ва нодавлат сектор вакиллари учун мамлакатимиздаги ўзгаришларга оид зарур маълумотларни олишларида муҳим манбага айланмоқда. Бу, ўз навбатида, давлатлар ўртасида нафақат иқтисодий ҳамкорликни, балки «халқ дипломатияси»ни ривожлантиришга ҳам муҳим ҳисса бўлиб қўшилади, деган умиддамиз.
“LAMBERT Academic Publishing” халқаро илмий нашриёти масъул ходими Елена Барбанинг маълум қилишича, асарни бошқа тилларга таржима қилиш борасида ишлар давом эттирилмоқда.
Гап шундаки, оммавий ахборот воситалари, amazon.com, libri.de, morebooks.de, umbreit.de, knigozal.com каби йирик интернет дўконлари, шунингдек, китобхонлар талабларига мувофиқ, хитой ва араб тилларига ҳам ўгирилмоқда. Улар ҳам тез орада ўқувчилар қўлига етиб боради.
Бинобарин, “Cotton-Textile Cluster — loсomotive of the economic development” китоби “LAMBERT Academic Publishing” халқаро нашриётнинг энг кўп сотилаётган адабиётлари рўйхатидан жой олгани Президентимиз томонидан ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган инқилобий ўзгаришларнинг юксак эътирофи, кластер ғоясини дунё тан олаётганининг яна бир амалий тасдиғидир.
ЎзА