Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг “Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшлар имкониятларини кенгайтириш” янги қўшма лойиҳаси ишга туширилди.
Лойиҳани имзолаш маросимида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска ва Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси маслаҳатчиси Валентин Гусев мазкур лойиҳанинг рақамли тадбиркорлик муҳити ва ёш тадбиркорларнинг рақамли кўникмаларини яхшилашда аҳамияти катта эканини алоҳида қайд этди.
– Коронавирус пандемияси даврида бир қатор ишларни амалга ошириш зарурати туғилди, – деди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Яшил ва инновацион иқтисодиётни ривожлантириш департаменти директори Ўткиржон Холбадалов. – Айнан шу мақсадда янги лойиҳани амалга ошириш бўйича БМТ Тараққиёт дастури билан келишувга эришилди. Бу лойиҳа ёшларнинг рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорлик имкониятларини оширишга қаратилган. Лойиҳа тегишли маҳаллий ва халқаро ташкилотлар иштирокида муҳокамадан ўтказилган ва таклифлар асосида такомиллаштирилган. Бугун лойиҳа вазирлик ва БМТ Тараққиёт дастури ўртасида имзоланди. Лойиҳа уч йилга мўлжалланган бўлиб, умумий қиймати 2 миллион 100 минг доллар грант маблағи асосида амалга оширилади.
Таъкидланганидек, лойиҳадан кўзланган мақсад ёшларнинг рақамли тадбиркорлик бўйича малака ва имкониятларини ошириш, уларни ўқитишдан иборат. Шу билан бир қаторда, ҳозирги кунда муҳим вазифалардан бири – рақамли тадбиркорликни молиялаштириш имконини кенгайтиришдир.
Лойиҳа рақамли ва “яшил” трансформация ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича ҳукумат саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, фаол меҳнат бозори сиёсатини такомиллаштириш ва ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш бўйича БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган дастурий фаолиятнинг мантиқий давомидир. Лойиҳа “Россия Федерацияси – БМТ Тараққиёт дастури ривожланиш мақсадларида” траст фонди томонидан молиялаштирилади.
БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска мазкур халқаро ташкилот Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва инсон капиталини ривожлантириш бўйича ўз иштирокини кенгайтиришдан мамнун эканини билдирди.
– Биз ҳозиргина Россия Федерацияси кўмагида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда янги шартномани имзоладик. Covid-19 бизга рақамлаштириш жуда муҳимлигини ва рақамли ривожланиш талабга айлангани ҳақида сабоқ берди. Шунингдек, биз ёшларнинг иқтисодий тараққиётда конструктив иштирок этиши учун уларга кенгроқ имконият берилиши муҳимлигини ҳам англаб етдик. Бу, айниқса, аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этувчи ва салоҳияти юқори давлат – Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Бу лойиҳадан мақсади шуки, ўзбек ёшлари дунёда рўй бераётган рақамлаштиришдан тўлиқ фойдалана олиши ва уни Ўзбекистонда янада юқори даражага олиб чиқишига қаратилган.
Лойиҳа доирасида ёшларнинг кўникмаларини қўллаб-қувватлаш, бунинг учун техник ечимларни тақдим этиш, шунингдек, ёшларни рақамли ривожланишга жалб қилиш учун керакли муҳит мавжудлиги ва ёшларнинг инновацион молиялаштиришга эга бўлиши учун вазирлик билан яқиндан ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқдамиз. Бу йўл – камбағалликни камайтириш ва инклюзив ривожланишни таъминлашнинг ягона йўлидир. Вазирлик билан биргаликда бу ташаббусни бошлаганимиздан жуда фахрланамиз ва ишимиз тўлиқ самарасини беришига интиламиз, – деди Матильда Димовска.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури ўртасида “Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшлар имкониятларини кенгайтириш” янги қўшма лойиҳаси имзоланди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири