“Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Нукус ва Тошкент шаҳарларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ва уларнинг яқинлари билан телекўприк ўрнатилиб, “Менинг акам – Ватан ҳимоячиси” номли онлайн учрашув ўтказилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Шимоли-ғарбий ва Тошкент ҳарбий округлари, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ҳарбийлашган бўлинмаларида йигитлик бурчини ўтаётган тошкентлик ва қорақалпоғистонлик муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналари, ака-ука, опа-сингиллари реал ақт мезонида экран орқали дийдорлашиш бахтига муяссар бўлди.

Миллий армиямизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар ва ижтимоий ҳимояси йўлида амалга оширилган қатор чора-тадбирлар самараси ўлароқ, бугун Қуролли Кучларимизга ҳавас кўзи билан боқаётган минглаб нигоҳларни учратамиз. Ёшлар орасида эса армия сафларида хизмат қилиш, том маънода кундан-кунга ортиб бораётган эзгу мақсадга айланаётганининг гувоҳи бўламиз.

Янги йил байрами арафасида ташкил этилган видеомулоқат эса минг чақрим олисларда фарзандини соғинган ота-оналар ва ака-укаларга чинакам байрамона туҳфа бўлди. Шу баҳона аскарлар ҳарбий хизматда эришган ютуқлари, олдига қўйган янги орзу-мақсадлари ҳақида уйдагиларига сўзлаб берди.

–Набирам аскар бўламан деб ўзининг ҳаракати билан армияга отланган эди, – дейди Қўнғирот туманидан ташриф буюрган отахон Исоқ Солиев. – Мана ҳозир набирамни кўрдим, анча улғайибди. Укаси ҳам акасидан ўрнак олиб, армияга боришга тайёргарлик кўрмоқда.

Онлайн учрашувда намунали хулқи, ҳарбий хизмат давомида мажбуриятларга сидқидилдан ёндашиб, сафдошларига шахсий намуна кўрсатаётган аскарларнинг ота-оналарига қўмондонликнинг ташаккурномалари ўқиб эшиттирилди. Тошкент вилоятида хизмат қилаётган қорақалпоғистонлик аскарларнинг ота-оналарига Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ташаккурномалари тантанали тарзда топширилди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиалида таҳсил олаётган ёш ва умидли ижодкорлар томонидан ботирлик ва қаҳрамонликни улуғловчи мусиқий чиқишлар учрашувга қизғин кайфият улашди.

 

ЎзА