Тошкент 11 кун мобайнида жаҳон оғир атлетикасининг маркази сифатида ўз салобатини намойиш этиб турди.
Кеча, 86-жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида дунё оғир атлетикачилари – эркаклар +109 килограмм, аёллар бўлса +87 килограммда медаллар учун курашди.
Кутилганидек, эркаклар ўртасидаги баҳсларда грузиялик Лаша Талахадзе ҳеч кимга имкон қолдирмади. Эътиборлиси, грузиялик спортчи мусобақанинг олтин медалларини қўлга киритиш билан бирга, ўзининг амалдаги жаҳон рекордларини янгилашга муваффақ бўлди. Даст кўтариш машқида у 225 килограмм (аввалги рекорд 223 кг.) тошни бўйсундирган бўлса, силтаб кўтариш машқида 267 килограмм (аввалгиси 265 кг.) натижа қайд этиб, икки курашда ҳам жаҳон рекордини 2 килограммга янгилади.
Аёллар ўртасидаги курашларда эса Жанубий Корея, Таиланд ва Буюк Британия спортчилари икки курашдаги совринли ўринларни қўлга киритди.
Жаҳон чемпионатининг якуний ҳисоб-китобларига кўра, икки кураш натижасига биноан Жанубий Корея вакиллари 4 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза билан 1-ўринни, 2 та олтин ва 3 та бронзага эга чиққан вакилларимиз 2-ўринни, таиландликлар 3-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, даст ва силтаб кўтариш, икки кураш бўйича медаллар жамғаришда ҳам Жанубий Кореялик спортчилар 21 та, Ўзбекистон 14 та, Таиланд вакиллари 12 та медалга мушарраф бўлди.
Аҳамиятлиси, юртимиз мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионати мамлакатимиз терма жамоасининг 2024 йилги олимпия ўйинларига тайёргарлик йўлидаги муҳим қадами бўлиш билан бир қаторда, 17-19 ёшли спортчиларни катта спорт майдони “ҳавоси”дан баҳра олишга етарли шарт-шароит яратди. Бундан ташқари, Миллий олимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутахассислари учун ушбу чемпионат доирасидаги ишлар катта спорт анжуманларини ўтказиш борасидаги тажрибасини оширишга хизмат қилди.
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида мазкур жаҳон чемпионатида энг яхши натижаларни қайд этган жамоалар, спортчи ва мураббийлар, мусобақа ҳакамларини тақдирлаш маросими ташкил этилди.
Халқаро оғир атлетика федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси мутасаддилари, дунёнинг 74 мамлакати оғир атлетика терма жамоалари вакиллари, мураббийлар, миллий федерация раҳбарлари иштирок этган тантанали маросимда мусобақа ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этилганлиги, бу жаҳон оғир атлетикаси ривожига беқиёс ҳисса қўшгани эътироф этилди.
– Таиланддан келдик. Очиғи, чемпионат бу даражада чиройли ўтади, дея тасаввур қилмагандим. Ўзбекистоннинг гўзаллиги, Тошкентнинг тинч ва осудалиги, кўча ва хиёбонларининг чароғонлиги, оддий инсонларнинг бир-бирига бўлган ҳурмати, айниқса чет элликларга бўлган эҳтиромидан хурсанд бўлдим. Ўзбекистон халқи дунё халқларини меҳр-оқибат, яхшилик, самимийлик туйғулари билан бирлаштирувчи юксак қалбли инсонлар эканлигига гувоҳ бўлдик. Тошкент хотиралари бир умр ёдимиздан чиқмайди, – дейди жаҳон чемпионатида аёллар ўртасида 49 килограмм вазнда чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган Суродчана Кхамбао.
Тақдирлаш маросими жараёни том маънода тили, ирқи, дини, қарашлари турфа бўлган инсонларнинг жипслиги, ҳамжиҳатлиги байрамига айланиб кетди. Ўзбек, корец, рус, украин, инглиз, француз, испан, араб, турк, ҳинд, япон, арман, грузин тилларида тилаклар билдирилди, қўшиқлар янградики, оғир атлетика бўйича якунланган 86-жаҳон чемпионати таассуротлари, унинг ширин хотиралари, натижалари, рекордлари ҳали узоқ вақт дунёнинг турли бурчакларида, шаҳарларида, оилаларида эсланади.
Мазкур жаҳон чемпионатининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 11 кун мобайнида халқаро медиа оламда ўз ўрнига эга бўлган бир қатор жаҳон спорт телеканаллари ўз дастурларида жаҳон чемпионатини тўғридан-тўғри намойиш этди. Уни юз минглаб томошабинлар бевосита кузатиб борди.
Тошкент – жаҳон оғир атлетикачиларининггина эмас, дунё халқларини яқинлаштирувчи, дўстлаштирувчи маскан сифатида ёд этилади. Бу, спорт-тинчлик, дўстлик элчиси эканлигининг ёрқин ифодаси эмасми?!
Тўлқин Рўзиев, ЎзА