Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасида волейбол бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубоги баҳслари якунланди.

Ўзбекистон волейбол федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, ўн саккизинчи марта ташкил этилган мамлакат чемпионатида 16 жамоа ғолиблик учун кураш олиб борди.

Аёллар ўртасидаги баҳсларда Жиззах давлат педагогика институти жамоаси ғолибликни қўлга киритди. 2 ўринни Нукус давлат педагогика институти жамоаси эгаллаган бўлса, Урганч давлат университети қизлари 3 ўринни банд этди.

2021 йилнинг энг сўнгги мусобақаси бўлган мазкур чемпионатнинг эркаклар ўртасидаги баҳслари ҳам кескин қарама-қаршиликларга бой ўтди. Чемпионатда юқори даражали ўйин намойиш этган “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг “UZTELECOM” жамоаси ғолиб чиқиб, волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.

Мусобақада 2 ўринни Олмалиқнинг ОКМК жамоаси қўлга киритди. 3 ўрин Фарғона вилоятининг “Бувайда тадбиркор” ҳамда Мудофаа вазирлигининг МҲСК жамоаларига насиб этди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА