Йиғласам кўнглумга ишим оҳи дардолуд эрур,
Ўтқаким ёғмур ёғар, онинг нишони дуд эрур.
Лаъли шавқидин кўнгул хурсанд эрур хуноб ичиб,
Телбаға рангин су берсанг, май дебон хушнуд эрур.
Юз аёғи туфроғидин олман ушбу важҳ ила
Ким, неча туфроғ ичинда турса олтун суд эрур.
Чиқмас оҳим шиддатидин ул маҳи хиргаҳнишин,
Шамъға фонус елдин асрамоқ мақсуд эрур.
Васлин истаб кўп эналдим, қовди кўйидин мени,
Бўлса мубримшева, албатта гадо мардуд эрур.
Талх майдин, соқиё, топти чучук жоним ҳаёт,
Эй басо макруҳким, зимнида бир беҳбуд эрур.
Телба итдекдур Навоий ул паривашсиз не тонг,
Оғзидин гар ўт сочиб аъзоси гардолуд эрур.
Луғат:
Суд – фойда.
Маҳи хиргаҳнишин – чодир(юрт) ичида ўтирган ой юзли гўзал.
Мақсуд – ният қилинган нарса; ният, истак, мурод.
Эналмоқ – ялинмоқ.
Қовмоқ – ҳайдаб солмоқ.
Кўй – кўча, манзил.
Мубримшева – шилқим, хира.
Мардуд – рад этилган, маҳрум қолган.
Чучук – ширин.
Макруҳ – ёқимсиз.
Зимнида – орасида, ўтрусида, ичида.
Беҳбуд – яхшилик.
Париваш – пари каби гўзал маҳбуба.
Не тонг – не ажаб.
Гардолуд – тупроққа қорилган.Байтларнинг насрий баёни:
Агар бировга билдирмасдан, ичимда – кўнглимда йиғласам, оловга ёмғир ёғилса, гулхандан тутун чиққанидек фақат дардли оҳ чекаман.
Ёрнинг лаълдек қизил лаби шавқида кўнглим қон ютиб, шунга хурсанд; бу ҳоли девона кишига рангли сув берилса, “шароб” деб ичиб хушнуд бўлганидекдир.
Ёр қадам босган тупроқдан сарғайган юзимни олмайман, негаки олтин тупроқ ичида пинҳон бўлгани яхши.
Чодирда ўтирган ой юзли санам менинг оҳим шиддатидан ташқарига ҳам чиқмаяпти. Шамъни фонус ичида асрашдан мақсад – шамолдан ҳимоялашдир.
Васлини тилаб, кўп ялиндим, оқибат мени кўйидан ҳайдаб солди; тиланчи шилқим бўлса, албатта тилаги рад қилинади.
Эй соқий, талх шаробдан ширин жоним ҳаёт топди; Кўп ёқимсиз нарсалар ичида одамлар учун фойдалар бор.
Навоий ул парисифат маҳбубадан йироқда телба ит каби бўлса, не ажаб; у ҳам оғзидан ўт пуркаб, бутун вужуди тупроққа қорилган.
Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти:
Ғазалда тамсил санъати ҳусни таълил унсурлари билан қоришиқ ҳолатда келтирилиб, сўзнинг нафосати ва дилтортарлигини таъминлаган. Биринчи байтда Ишқ йўлидаги соликнинг дастлабки аҳволи қаламга олинган. Хожа Аҳмад Ғаззолийнинг “Савонеҳ” асарида келтирилишича, ошиқ дастлаб ишқни пинҳон тутмоқ ҳамда кўнгил мулкини барбод этувчи хонумонсўз оловни ўчирмоққа ҳаракат қилади. Аммо барча саъй-ҳаракатлар, инкор ва курашлар акс таъсир кўрсатиб, шайдолиги оламга ёйилади. Халқдан ўз сиррини асрамоқчи бўлиб, ичида йиғлаётган ошиқнинг ҳаракатлари самарсиз – ҳар бир нафас кўнгилдан ўртовчи оҳ бўлиб чиқиб, кўнгилдаги Ишқ ўтидан нишон бермоқда. Бу кўнгилнинг иши – Ёрнинг лаълдек қизил лабларининг ёдида қон ютмоқ бўлиб, шундан ўзига таскин ва тасалло излайди, аммо девона кишининг қизил рангли сувни “шароб” деб ичиб, ўзини мастликка солишидек ҳали ишқи камол топмаганини ҳис этиб туради. Ишқ камолининг бирламчи шартларидан бири – тавозўъ ва фидойилик. Ошиқ ўз ишқини хосларга насиб этажак олий даражага етказмоқ учун Ёрнинг кўйига юзини босиб, сажда ҳолида туради. Олтин (сариқ) ранг – ошиқларнинг ранги. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг сарғайган юзига боқиб, тамасхур юзидан сўрашибди:
– Мавлоно, Каҳф асҳобининг ранги қанақа эди?
– Сариқ эди, – мулойимлик билан жавоб берадилар Мавлоно, – ошиқларнинг юзи сарғайган бўлур.
Навоий ҳам ишқ йўлида сарғайган юзни олтинга қиёслаб, бу дард нечоғли табаррук ва ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган неъмат эканлигини таъкидлаган ҳолда, бу заифлик ва шикасталик айни замонда катта куч ва қудрат бағишлашини кейинги байтда таъкидлайди. Мажнунни эслайлик. Лайли ишқида мубтало бўлиб, ишқ бутун вужудини мағлуб этган бу ошиқни бедаво дарддан қутқармоқ ниятида қўл-оёқларига кишан солишади. Аммо Мажнун бир зарбали ҳаракат билан кишанларни пора-пора қилиб, яна ишқ водийси томон йўл олади. Ғазалда ҳам шундай муболағали тасвирга дуч келамиз: чодир ичида ўтириб, хаёли ошиқ кўнглини шамъдек нурафшон этадиган гўзал ташқарига ошиқнинг оҳи шиддатидан чиқолмайди. Чодир шамъ нурини шамолдан асрагувчи фонус (чироқ шишаси)га қиёсланади. Фонус ичидаги шамънинг нури янада равшанроқ бўлгани каби, чодирдаги маҳлиқонинг ҳижрони ҳам дардга дард, иштиёққа иштиёқ қўшади. Ишқ ва бехудлик ғалабасидан ошиқ висол талабида бўлади, аммо ноз ва истиғно мазҳари бўлмиш маҳбубадан рад жавобини олади. Чунки ошиқ ҳали висолга етишмоқ учун тайёр эмас. У ўз имкони ва ҳолидан ортиқ нарсани талаб этмоқда. Бу – ҳаддини билмаган очкўз гадонинг берилган нарсага қаноат қилмасдан, шилқимлик билан яна тиланиши сабабли эшиклардан ҳайдалишига менгзайди.
Биламизки, Ҳазрат Навоий шеъриятида ҳаётий ҳақиқатлар, фалсафий-ирфоний мулоҳазалар кўпинча рамз ва ишоратлар, тимсол ва ташбиҳлар тилида баён этилган. Асрлар давомида тадрижий ривожланиб, турли ранг ва оҳанг касб этган образлар ҳамда мазкур сўз ва истиорали ибораларнинг маъно қатламлари кўпайиши муайян бир байт ё шеърда айнан қайси маънода келганини тўғри белгилаш учун фақат шеърий матннинг ички талаби ёхуд бош моҳиятинигина ҳисобга олиш етарли эмас. Бунинг учун турли луғатлар, диний, илмий, бадиий асарларга ҳам мурожаат қилишга тўғри келади; айни пайтда бу асарлардаги маълумотларга таянишда шоирнинг дунёқараши, эътиқоди, руҳий оламини ҳам ҳисобга олиш зарур. Акс ҳолда шоир кўзлаган асл мақсаддан узоқлашиб, зоҳирий ва нотўғри хулосалар чиқариш ҳеч гап эмас. Жумладан, таҳлил этаётганимиз ғазалнинг қуйидаги байтини олайлик:
Талх майдин, соқиё, топти чучук жоним ҳаёт
Эй басо макруҳким, зимнида бир беҳбуд эрур.
“Бақара” сурасининг 219-оятида шундай буюрилган: “Сиздан май (маст қилувчи ичимлик) ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун (баъзи) фойдалар бор…”1 Кўриниб турибдики, байтнинг иккинчи мисраси бу оятнинг шоирона талқини сифатида вужудга келган. Юқоридаги оят ва байтнинг бирламчи мазмунига таяниб, хулоса чиқариш мумкинки, мазкур байт риндона оҳангга эга бўлиб, Навоий чоғирни жонга дармон ва ҳаёт бахш этувчи неъмат сифатида куйлаган ва далил сифатида юқоридаги оят мазмунига ишора қилади. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор: ичкилик ҳақида Аллоҳ таоло томонидан уч марта оят нозил бўлган. Уларнинг биринчиси юқоридаги оятдир. Иккинчиси – “Нисо” сурасининг 43-оятида шундай дейилган: “Эй, имон келтирганлар! Токи гапираётган гапларингизни (ўзларингиз) биладиган бўлгунча маст ҳолларингда намозга яқинлашмангизлар!”2. Бу оятларда ичкиликнинг ҳалол-ҳаромлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. Чунки ислом келган даврда ичкилик ичиш, қимор ўйнаш каби иллатлар жамиятда чуқур илдиз этган оддий иш эди. Шунинг учун булар Қуръонда дафъатан ҳаром қилинмади – зотан бундай иллатларни фақат буйруқ воситасида йўқотиш имконсиздир – балки, аввало, одамларга бу ишлардан келадиган фойда-зарарни кўрсатиш, сўнгра муносабатларини ўзгартириш лозим бўлади. Буюк Қуръон ҳаром нарсаларни мусулмонларнинг қўлидан тортиб олишдан аввал, кўнгилларини поклаб олди. Кейинроқ “Моида” сурасининг 90-оятида ичкилик ҳаром эканлиги ҳақидаги қатъий оят (ҳукм) нозил бўлди: “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қиладиган ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд, (шунда) нажот топсангиз.
Бу оят нозил бўлгандан кейин ичкилик ичиш, шунингдек, оятда келтирилган бошқа амаллар ҳақида нозил бўлган бурунги ҳукмлар мансух–бекор қилинди. Мусулмонларнинг сўнгги ҳукмга амал қилишлари фарз. Навоий бу ҳукмдан хабардор бўла туриб, ичкиликни васф этиш мумкинмиди? Йўқ, албатта. Навоий “бода”си ўзга бир майхонадандир:
Сен гумон қилғондин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.
Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Кашф ул-асрор”ида майнинг зарарлари кўп, аммо фойдаси ҳам борлигидан хабар берувчи оятнинг ирфоний тафсирида шундай дейилган: “Ғафлат аҳли шароби ва уни ичганларнинг оқибати оятда қандай зикр этилган бўлса, шундайдир. Аммо, Илоҳий, Ер юзида шундай бандаларинг ҳам борки, маърифат бодасидан сипқорурлар ва муҳаббат жомидан мастдирлар. Ул шароб ҳақиқатидан бўлак ҳеч нарса йўқ, чунки бу дунё зиндондир; аммо зиндон бўлса ҳам ўткинчи–фоний зиндон эрур. Ҳар ҳолда, ҳозир бўл (яъни маърифат шаробидан қудрат ва имконинг борича баҳраманд бўл), эртага руҳ бирлашуви ва ҳамда Ҳабиб ва Муҳиб висолининг абадий дамлари сенга интизордир” .
Инсон орзу-умид билан тирик. У хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш учун ўзига ва эртасига ишониб яшаши керак. Акс ҳолда, руҳий тушкунликка тушиб, ҳаётда ўз ўрнини тополмаслиги ҳеч гап эмас… Тафаккур соҳиби бўлмиш инсоннинг асосий мақсади – Моҳиятни англаш, Ҳақиқатга эришиш (Умр эрур тақвию тоат учун, Тенгри буюрғонга итоат учун). Аммо моҳиятлар Моҳияти, ҳақиқатлар Ҳақиқатига етишмоқ осон эмас:
Сени топмоқ басе мушкилдурур, топмаслиғ осонким,
Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо.
Изланиш йўлида “топмаслиғ”дан руҳи афтода бўлган ошиқнинг жонини, маърифатнинг “талх майи” қутқаради, унинг ҳаётига мазмун ва лаззат бахш этади; ишонч ҳиссини мустаҳкамлаб, қатъият ва умид бағишлайди. Шу сабабдан, маърифат майхонасининг “дурдкаш”и ҳолати ҳушёрлар ва ҳушёрликдан юқорироқ мақомга эгадир, дейиш ҳам мумкин.
Ушбу байтда белги – очқич вазифасини бажарувчи сўз “макруҳ”дир. Кўриб чиққанимиздек, бу сўзнинг “Бақара” сурасидаги ичкиликнинг “катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор”лиги тўғрисидаги оятга унчалик алоқаси йўқ. Имом ал-Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”ида ушбу ҳадисни ўқиймиз: “Жаннат макруҳ, яъни қилиниши қийин бўлган нарсалар билан ўралгандир ва дўзах иштиёқ оловини кучайтирадиган нарсалар билан ўралган.”Демак, маърифатнинг “талх майи” (аччиқ шароби) руҳга ҳаёт бағишлайди, абадий ором топиш маскани – жаннатга йўл топишда ёрдам беради. Навоий талқинида, фақат маърифатли одамгина жаннат аҳлидан бўлиши мумкин. Жаҳолат ва худбинликка мубтало бўлган кимсалар эса абадий саодатдан бенасибдирлар.