Президент Шавкат Мирзиёев раислигида эндокринология соҳасини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Қайд  этилганидек, ҳақиқатдан ҳам касалликларнинг олдини олиш борасида бирламчи бўғинда ҳали қилинадиган ишлар кўп.  Мисол учун, сўнгги беш йилда эндокрин касалликлари 20 фоизга ортиб, айниқса, ёшлар орасида кўпаймоқда. Эндокрин касалликларининг оғир оқибатлари асосан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларига тўғри келмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, аксарият ҳудудларимиз аҳолиси, айниқса, болалар орасида йод етишмайди.

Оқибатда, бўқоқ касаллиги Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида юқорилигича қолмоқда.

Бу борада Шуманай, Қораўзак, Шофиркон, Денов, Ғаллаорол ва Ургут каби 25 дан зиёд хавотирли туман ва шаҳарлар мавжуд. Лекин, хатловлар тўлақонли ўтказилса, республика бўйича бу каби касалликлар бир неча баробарга ортади.

Мутасаддиларга бир ой муддатда ҳар бир хавотирли туман ва шаҳар бўйича бир йиллик алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

– Яна бир долзарб масала – эндокрин касалликларини бирламчи бўғинда эрта аниқлаш учун мураккаб ускуналар харид қилиш шарт эмас. Бунинг учун лабораторияларни жиҳозлаш, зарур реактивлар билан таъминлаш ва нафақат эндокринолог, балки оилавий шифокорларни ҳам тайёрлаш катта самара беради, – деди Президент.  – Лекин, битта туманда камида 10-15 та лаборатория бўлгани билан қонни таҳлил қилишга шароит ва мутахассислар малакаси етишмаслиги оқибатида диабетнинг оғир асоратлари – кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича республика муассасаларига мурожаатлар 10 фоизга ошган.

Масалан, Уйчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 14 та лабораторияда жами 62 нафар, шундан марказий шифохона ва поликлиника ҳамда шошилинч тиббий ёрдам бўлими лабораториясида жами 40 нафар ходим ишлайди. Ушбу ходимларнинг иш ҳақи учун йилига 2,2 миллиард сўм, лабораторияга реактивлар учун эса атиги 175 миллион сўм ажратилмоқда.

Туман шифохонасида диабети бор бемордан бир суткалик стационар кузатиш давомида ўртача 8 маротаба қон таҳлили олиш зарур бўлсада, 15 та лаборатория ва 60 дан ортиқ ходими бўлган туман даражасида бунинг имкони йўқ.

Сабаби оддий марказий шифохона ва марказий поликлиникада лабораторияларнинг иш вақти тушлик пайти – соат 14:00 да тугайди. Туну кун ишлайдиган шошилинч тиббий ёрдам бўлими лабораторияси эса бир ҳудудда бўла туриб, шифохонанинг бошқа бўлимларига хизмат кўрсатмайди.

Ёки, туманларда йод дефицити, қалқонсимон без касалликларини аниқлаш бўйича гормонал таҳлиллар йўлга қўйилмагани боис аҳоли хусусий лабораторияларга боришга мажбур бўлмоқда. Оқибатда халқимиз соғлиқни сақлаш тизимидан мутлақо норози.

Шу боис эндокрин касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича алоҳида Дастур қабул қилиниши маълум қилинди.

Биринчидан, келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли (10 миллион нафар) йилига камида бир марта манзилли эндокрин скринингдан ўтказилади.

Бунинг учун, тиббиёт бригадалари ва поликлиникаларнинг 14 мингдан зиёд оилавий ва таълим муассасаларининг шифокорлари эндокрин касалликларни аниқлаш ва бирламчи ёрдам кўрсатишга ўқитилади.

Ҳар бир тиббиёт бригадаси экспресс-тестлар ўтказиш учун глюкометр билан таъминланади.

Масалан, бирламчи шифокор кўригида 10 турдаги таҳлилни йўлга қўйиш орқали, вилоят марказларига мурожаатларни 50 фоизга қисқартириш мумкин.

 

ЎзА