13 июнь куни Украина ва Япония икки томонлама Хавфсизлик битимини имзолади. Бу ҳақда Президент Владимир Зеленский ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзган:
– Бош вазир Фумио Кисида ва мен ҳозиргина Хавфсизлик шартномасини имзоладик. Бу ҳужжат дунёнинг иқтисодиёт ва технология соҳасида энг ривожланган давлатларидан бири билан ноёб ҳамкорликни назарда тутади.
Энди кун чиқар юрт 2024 йил учун Украинага 4,5 миллиард доллар ажратади ва шартноманинг ўн йиллик амал қилиш муддати давомида ҳам ушбу давлатни қўллаб-қувватлайди.
– Хавфсизлик ва мудофаа соҳасида кўмаклашиш, гуманитар, техник ва молиявий ҳамкорлик қилиш, Тинчлик формуласи бандларини амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб бориш, тажовузкор давлатга қарши санкция қўллаш ҳам келишувни мустаҳкамлайди, – дея қўшимча қилди Украина етакчиси. – Биз Япониянинг юртимизни тиклаш йўлидаги ҳамкорлигини қадрлаймиз.
Эслатиб ўтамиз, НAТОга кирмаган, Тинч океани минтақасидаги давлат билан тузилган бу илк келишув Япония конституциясида белгиланган чекловни инобатга олган ҳолда, Украинага ҳалокат келтирмайдиган ускуналар бериш, яраланган украиналик аскарларни даволаш, разведка ва махфий маълумотларни ҳимоя қилиш борасидаги шерикликни ҳам назарда тутади.