Тошкентда 9-10 декабрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан “Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимида Гендер тенглиги стратегиясини амалга ошириш” мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Аграр соҳада билимлар ва инновациялар (AKIS) миллий маркази кўмагида ташкил этилган тадбирда вазирлик ҳамда қўмита ходимлари, халқаро экспертлар иштирок этмоқда.

Конференцияда ФАО билан яқин ҳамкорликда ўрмонларни бошқариш сиёсати ва амалиётида гендер тенглиги тамойиллари жорий этилаётгани кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, ўрмон хўжалиги тизимида амалга оширилаётган қатор ислоҳотлар, келгусидаги истиқболли ҳаракатлар хусусида фикр юритилди.

Гендер тенглиги стратегияси илғор хорижий тажриба асосида, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари ва манфаатдор шахсларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди.

Қайд этилдики, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 2021-2025 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли Гендер стратегиясининг ишлаб чиқилгани соҳада драйвер вазифасини ўтайди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасининг “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ва “Аёлларни тақиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек, миллий барқарор ривожланиш мақсадлари мазкур стратегияни ишлаб чиқиш учун ҳуқуқий асос бўлган.

– Ўзбекистон ўрмон хўжалигида гендер масалалари таҳлили ўтказилди, ўрмонзорлар ва уларга туташ аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларнинг фикри ўрганилди, – деди ФАОнинг “Ўзбекистон тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш” лойиҳаси техник координатори Олимжон Қаҳҳоров.

– Меъёрий-ҳуқуқий базанинг камчиликлари аниқланди. Олинган маълумотлар асосида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Гендер тенглиги стратегияси ва 2021-2022 йилларга мўлжалланган Гендер ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, унда ўрмон билан боғлиқ жамоаларнинг асосий устувор йўналишлари белгиланди.

Маълумот ўрнида, ФАОнинг “Ўзбекистон тоғ ва водий ўрмонларини барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган мазкур режа Деҳқонобод, Китоб ва Поп давлат ўрмон хўжаликларида амалга оширилмоқда.

Ушбу ҳудудларда ўрмонларни барқарор бошқариш, ўрмон ҳудудларининг ахборот тизими ва электрон хариталарини яратиш, гендер тенглигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Айни дамда маҳаллий аҳолини ўрмон хўжалигини бошқариш жараёнига кенг жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Конференция давом этмоқда.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА