Президентимиз раислигида ипотекани кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

– Ипотека кредитини олишда қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафил бўлишига рухсат берсак, бу ҳам адолатдан бўлади (бугунги кунда фақат яқин қариндошлар кафил бўла олади), – деди давлатимиз раҳбари.

Бундан ташқари, келгуси йилдан ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизлар, чин етимлар ва ногиронлиги бўлганларга, иккиламчи бозордан ҳам уй-жой олишларига имконият яратилади.

Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида янги қурилган уйлар тўғрисидаги маълумотлар, уларни расмийлаштириш, субсидия ва кредит ажратиш хизматларини битта жойда кўрсатиш марказлари ташкил этилади.

– Одамларимиз қайси ҳудудда ёки қайси қурувчида мақсадли ипотека шартларига тўғри келадиган хонадон бор деб, ўйланиб юрмаслиги керак, – деди Президент.

Шу боис, мутасаддиларга бир ой муддатда пойтахтда камида 5 та, вилоятларда эса 2 тадан ҳудудда барча хизматлар жамлаган марказлар ташкил қилиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, аҳоли маблағларини қурилишга жалб қилишни рағбатлантириш бўйича янги “мақсадли ипотека омонати” механизми жорий этилади. Бунда: 

1) “харидор – банк – қурувчи” ўртасида уч томонлама шартнома тузилади; 
2) уй-жой харид қилмоқчи бўлган фуқаро банкда омонат очиб, уни тўлдириб боради; 
3) бадал суммаси шаклланганда, унга ипотека кредити расмийлаштирилади; 
4) тижорат банки омонат маблағларини қурувчи ташкилотга кредит сифатида ажратади. 

Яъни, харидор банк орқали қурувчини молиялаштиради, банк эса уйни харидорга вақтида топширилишига кафил бўлади.

Шунингдек, пудратчиларга қурилиши тугалланмаган, том қисми ёпилган кўп квартирали уй-жойларни кредит таъминоти сифатида гаровга қўйишга рухсат этилади. Тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурилиш ташкилотларига кафиллик ва компенсация тўлаш муддати узайтирилади.

Бунда, кафиллик ва компенсациялар қурилаётган кўп қаватли уй-жойдаги камида 70 фоиз хонадонлар майдони 70 квадрат метрдан ошмаган тақдирда берилади.

Уй-жойлар қуриш учун рейтингда юқори ўринларда бўлган пудратчи ташкилотларга ерни аукциондан сотиб олиш тўловининг аввал 30 фоизини, қолган суммани эса 12 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

 

ЎзА