Президентимиз раислигида ипотекани кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

– Ўтган куни аҳолини уй-жой ва яшаш манзилига яқин жойларда иш жойлари билан таъминлаш бўйича «Янги Ўзбекистон массивлари»ни барпо этиш дастури лойиҳасини муҳокама қилиб олдик. Дастур лойиҳаси қайта кўриб чиқилиб, энг оғир туманлар танланди. Массивлар сони ҳам 29 тагача кўпайтирилди. Бугунги йиғилишда – ипотекани кенгайтириш ва қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб оламиз, – деди Президентимиз. – Асосийси, янги массивларда яшовчи аҳоли учун муносиб иш жойлари яратишга ҳам алоҳида эътибор бериляпти.

Таъкидлаш лозимки, бундан икки йил олдин ипотека тизими тубдан ислоҳ қилинди. Биринчи навбатда, аҳолига ўзлари истаган уй-жойни сотиб олиш имконияти яратилди (авваллари, аҳоли саноқли қурувчи қурган бир хил намунадаги уй-жойлардан олишга мажбур эди).

Натижада соҳага сифат ва рақобат кириб келди, ҳудудларда замонавий архитектура ечимларига эга лойиҳалар пайдо бўлди.

Шу орқали ипотека дастурлари доирасида йилига 35 минг хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Бу олдинги йилларга нисбатан 2 баравар кўп, дегани.

 

ЎзА