Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Матильда Димовска, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Ю Юни қабул қилди.

Учрашувда меҳмонларга юртимиз, хусусан, Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Бунда айниқса, Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик вазиятни юмшатиш, аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича амалга оширилаётган эзгу ишлар ҳақида сўз борди. Бу жараёнда халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ Тараққиёт Дастури, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ҳамда бир қатор ривожланган давлатларнинг кўрсатаётган ёрдами алоҳида таъкидланди.

Меҳмонлар Оролбўйи минтақаси, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасини ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларга янада кўмаклашиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш, биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Шу куннинг ўзида меҳмонлар БМТ Тараққиёт Дастури, Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорликда Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида Оролбўйида амалга оширилаётган қатор лойиҳаларнинг очилиш маросимларида иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА